Светофорлар қачон пайдо бўлган?

Улашиш:
Дунёдаги илк светофор автомобиллар ҳаракатини эмас, пиёдалар оқимини назорат қилиш учун ўрнатилган. Ўшандан буён 155 йил ўтди ва бугун светофорлар турли транспорт воситаларини ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солувчи асосий ускунага айланди.

Бугун кўчаларни, йўлларни, чорраҳаларни светофорсиз тасаввур қилиш қийин. Йирик шаҳарларда исталган чорраҳада светофор бир зум ишламай қолса, бирпасда тартибсизлик юзага келади.

Илк пайдо бўлганида асосан қўлда бошқарилган светофорлар бугун электрон тарзда ишлайди. Илк светофор автомобиллар эмас, пиёдалар оқимини назорат қилган.

Кейинчалик автомобиллар оммалашуви ортидан светофорлар асосан тўрт ғилдиракли транспорт воситалари ҳаракатини мувофиқлаштирган. Кейинчалик, поездлар ва кемалар ҳаракатини тартибга солиш учун ҳам светофорлардан фойдаланилган.

Светофор тарихи

Светофор сўзи ўзбек тилига рус тилидан кириб келган бўлиб, у рус тилидаги «свет» - ранг ва грекча «форос» ташувчи сўзларининг бирикмасидан ясалган. Дунёда энг кенг тарқалган инглиз тилида светофор Traffic light дейилади.

Дунёдаги илк светофор 1868 йил 10 декабрда Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида, Буюк Британия парламенти биноси яқинида пиёдалар оқимини назорат қилиш учун ўрнатилган.

Дунёдаги биринчи светофор Лондонда ўрнатилган ва у пиёдалар ҳаракатини назорат қилган.
www.nbcnews.com

Темирйўл семафорлари мутахассиси Жон Пик Найт унинг ихтирочиси ҳисобланади. Илк светофор иккита – яшил ва қизил рангли кўрсаткичдан иборат бўлиб, у қўлда бошқарилган. Кўрсаткичлар кўтарилиб-туширилиб, йўловчилар оқимини назорат қилган.

Сутканинг қоронғи пайтида светофордаги ранглар яққол кўриниб туриши учун улар аввалига газ фонарлари билан ёритилган. Кейинчалик бундай светофорлар Европадаги бошқа шаҳарларга ҳам ўрнатила бошланади.

1869 йилда Лондонда ўрнатилган светофорлардан бирида газ фонар портлаб ёниб кетади ва уни назорат қилаётган полициячини жиддий жароҳатлайди.

Шундан сўнг Европада светофорни газ фонар билан жиҳозлашни эмас, балки светофорларнинг ўзини ўрнатишни тақиқлашади. Шу тариқа «кўҳна қитъа»да анча йиллар давомида кўчаларга светофор ўрнатиш тўхтаб қолади.

1910 йилда Чикаго шаҳрида яшовчи Эрнст Сиррин томонидан автомат тарзда ишлайдиган светофор ихтиро қилинади. Унда икки хил - Stop (Тўхтанг) ва Proceed (Давом этинг) ёзувлари бор эди. Бу светофор ҳам Лондондагига ўхшаб кўрсаткичли эди.

www.vintag.es

1912 йилда АҚШнинг Юта штатидаги Солк-Лейк-Сити шаҳрида автомат тарзда ишлайдиган илк электр светофор ўрнатилади. Унинг ихтирочиси шу шаҳар фуқароси Лестер Вайл ҳисобланади. У Эрнст Сирриннинг ихтиросидан бехабар бўлган.

Вайлнинг светофори икки хил қизил ва яшил рангларда ёниб ўчадиган думалоқ шаклдаги чироқлардан иборат эди. Улар электр ёрдамида навбати билан ёниб ўчарди. Ўша пайтда Лестер ўз ихтиросига патент олмайди.

1914 йил 5 август куни АҚШдаги Кливленд шаҳридаги чорраҳалардан бирига светофор ишлаб чиқарувчи компания томонидан тўртта электр светофор ўрнатилади. Ушбу светофорнинг ихтирочиси Жеймс Хог эди.

Бу светофор ҳам икки хил, қизил ва яшил рангларда ишлар, уни махсус будкада ўтириб полициячи бошқарарди. Мазкур светофорда қизил чироқ ёниб турганда бошқаларга халақит бермаган ҳолда ўнгга қайрилиш мумкин эди. (Таққослаш учун, бундай амалиётдан Ўзбекистонда 2010 йилдан сўнг қўллана бошланди) Тўғрига кетадиганлар ва чапга буриладиганлар унинг яшил чироғида ҳаракатланарди.

Ҳозирги кўринишдаги уч хил рангда ишлайдиган илк светофорлар 1920 йилда ихтирочилар Уильям Поттс ва Жон Ф.Ҳаррис томонидан тайёрланади. Улар энг биринчи АҚШнинг Детройт ҳамда Нью-Йорк шаҳарларидаги чорраҳаларга ўрнатилган. Ўша пайтда Поттс ва Ҳаррис ҳам ўз светофорига патент олмайди.

АҚШда уч хил рангда ишлайдиган светофорга илк патентни 1923 йилда Гаррет Морган олади. У автомобил ва от қўшилган араванинг тўқнашувига гувоҳ бўлгач Поттс ва Ҳарриснинг ихтиросидан бехабар ҳолда уч хил рангда ёнадиган светофор тайёрлайди. Шу тариқа Гаррет Морган светофор учун патент олган биринчи ихтирочи сифатида тарихда қолади.

Учта рангда ишлайдиган илк светфорлардан бири

untappedcities.com

АҚШда электр энергияси билан ишлайдиган светофорлар оммалаша бошлагач Европа мамлакатларида ҳам унга қўйилган тақиқ ва чекловлар олиб ташланади.

Уч хил рангда ишлайдиган светофорлар Европада илк бор 1922 йилда Парижда ва Германиянинг Ҳамбург шаҳрида ўрнатилади. Англияликлар биринчи бор ўзлари кашф этган светофорнинг мукаммал вариантини анча кеч, 1927 йилда Вулверҳемптон шаҳрида ўрнатишади.

Собиқ иттифоқда илк светофор, аниқроғи икки хил, қизил ва яшил рангда ишлайдиган семафор 1930 йил январ ойида Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида ўрнатилади. Ўша йили декабр ойида Москва шаҳридаги чорраҳалардан бирига биринчи светофор ўрнатилади.

Бироз ўтиб бундай светофор Ленинградда ҳам пайдо бўлади. Бошқа шаҳарларда эса чорраҳалардаги автомобиллар оқими ва пиёдалар ҳаракатини асосан милиционерлар бошқаришади.

Ўша пайтларда милиционерларнинг қўлида ола-була таёқ бўлмаган ва улар ҳаракатни қўл билан бошқаришган.

Ҳайдовчи ва пиёдаларга яхшироқ кўриниши учун кўча ҳаракатини тартибга солувчи милиционерлар тирсаккача келадиган оқ қўлқоп кийиб олиши шарт бўлган. 1936 йилда қабул қилинган «СССР йўлларида ҳаракатланиш қоидалари»да бу мажбурият сифатида қайд этиб қўйилганди.

pikabu.ru

Кейинчалик 1939 йилдан бошлаб СССРнинг турли шаҳарларида кўча ҳаракатини бошқарадиган милиционерлар ола-була рангдаги ёғоч таёқ ишлата бошлайди.

1950-йиллар охиригача СССРдаги аксарият шаҳарларда чорраҳаларни милиционерлар ёғоч калтак ёрдамида бошқарарди. Аксарият йирик шаҳарларда эса икки хил рангда ишлайдиган светофорлар ўрнатилган ва уларнинг сони саноқли эди. Кичикроқ шаҳарларда светофорлар умуман бўлмаган.

1959 йилда советлар йўл ҳаракати бўйича қабул қилинган халқаро конвенцияга қўшилишади. Шундан сўнг йирик шаҳарлардаги чорраҳаларга уч хил рангдаги светофорлар ўрнатила бошланади.

Жаҳоннинг ривожланган давлатларида эса бу пайтда автомобиллар ҳаракатини назорат қиладиган светофорлар оммалашиб бўлганди.

Собиқ иттифоқда светофорлар фақат ўтган асрнинг 60-йилларига келиб оммалашганига сабаб СССРда аҳолининг автомобилларга эгалик қилиш кўрсаткичи жуда паст эди.

Масалан, 1960-йилларда АҚШда ҳар минг кишига 400 та автомобил тўғри келган, СССРда бу кўрсаткич бор-йўғи 5 та машинани ташкил этган.

АҚШнинг исталган йирик шаҳрида автомобиллар кўчаларни тўлдириб ҳаракатланганда СССРдаги шаҳарларда автомобиллар оқими жуда паст эди. Шу сабабли ҳам кўчаларга светофор ўрнатиш шарт бўлмаган ва автомобиллар ҳаракатини милиционерлар тартибга солган.

Тошкент шаҳри кўчаларида хизмат қилган Сардор Қосимов

СССРдаги илк светофорларни аввалига давлат автомобил назорати (ГАИ) ходимлари бошқариб туришган. Кейинчалик автоматлаштирилган тизим жорий қилинган ва барча светофорлар ўша билан бошқарилган.

Ғарб давлатларида автомобиллар ҳаракатини тартибга солувчи светофорлар ўрнатилиб бўлингач, кейинги босқичда кўчаларга пиёдалар учун светофор ўрнатила бошланади.

Пиёдалар учун яратилган илк светофор 1952 йил 5 февраль куни Нью-Йорк шаҳрида ўрнатилади.

Пиёдлар учун яратилган светофорлар бир хил рангда бўлиб, унда илк светофорларда бўлганидек  Stop (Тўхтанг) ва Proceed (Юринг) ёзувлари навбати билан ёнар эди.

1970-йилларда ёзувлар ўрнига тўхтаб турган ёки ҳаракатланаётган одам шакли қўшилади. Бироз ўтиб одам шакли қизил ва яшил рангда ёнадиган қилинади.

1970-йилларнинг охирида Европа ва АҚШда пиёдалар учун ўрнатилган светофорларни қўлда бошқариладиган қилиб, унга тугма ўрнатила бошланади.

Бундай светофорларда пиёда келиб тугмани босгунча яшил чироқ ёниб тураверади. Тугма босилганидан кейин қизил чироқ ёнади ва ҳайдовчилар пиёдаларга йўл бериш учун тўхтайди.

Маълум муддатдан сўнг унда автоматик тарзда яшил чироқ ёнади ва ҳайдовчилар учун йўлни очади. Бундай светофорлар асосан пиёдалар йўлакчасига ўрнатилган.

Аксарият йирик шаҳарларда автомобиллардан чиқаётган тутун билан энг ифлосланадиган жой светофорлар атрофи ҳисобланади. Автомобиллар светофорда тўхтаб турганида ва қўзғалаётганида одатдагидан кўпроқ тутун чиқади.

Пиёдалар йўлакчасига тугмали светофорлар ўрнатила бошланиши ва одамлар тугмани босмаганча яшил чироқ ёниб туравериши шу муаммоларни бирмунча ҳал қилди. 

Бугунги кунда дунёнинг аксар ривожланган мамлакатларида пиёдалар йўлакчаларига тугмали светофолар ўрнатилган.

ysia.ru

1990-йиллардан бошлаб дунёнинг илғор давлатларида светофорларнинг чироқлари кам энергия сарфловчи ва ёруғликни яхшироқ берувчи диодли чироқларга алмаштирила бошланади.

Бугун, дунёда барча транспорт турлари ҳаракатланадиган йўлларда светофорлардан фойдаланилади. Автомобил, поезд, трамвай, пиёдалар барчасининг ҳаракатини светофорлар тартибга солиб туради.

Кейинчалик дунёнинг турли давлатларида кўплаб турдаги светофорлар пайдо бўлди. Улар орасида кўзи ожизлар учун овозли, рангларни ажрата олмайдиганлар учун махсус светофорлар ҳам бор.

Кўзи ожизлар учун мўлжалланган светофорларда қизил, сариқ, яшил чироқлар ёнганда улар ҳақида овозли хабар ҳам берилади. Кўзи ожизлар овозлардан фойдаланиб, кўчани кесиб ўтишади.

www.shutterstock.com

Светофор ҳақида қизиқарли маълумотлар

Японияда илк светофорларда яшил ўрнига кўк рангдан фойдаланишган. Кейинчалик инсоннинг кўзи кўк рангдан кўра яшил рангни яхшироқ илғагани учун ранглар алмаштирилган.

Лондонда светофорга ёдгорлик ўрнатилган. Ёдгорлик дарахт шаклида бўлиб унинг шохлари светофорлардан ташкил топган.

Прагадаги кварталлардан бирида тор йўлак бор. Унга фақат бир киши сиғади. Ана шу йўлакнинг икки томонига светофор ўрнатилган. Йўлак орқали юрмоқчи бўлганлар светофорга қараб ҳаракатланишади.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ҳайдовчилар тунги соат 22:00 дан тонгги соат 5:00гача светофорнинг қизил чироғида ҳам ҳаракатланишлари мумкин. Бу шаҳар кўчаларида тунда жуда кўп талончилик содир бўлади. Ҳукумат ҳайдовчилар талончиларнинг ўлжасига айланмаслиги учун тунда қизил чироқда ҳаракатланишга рухсат берган.

Сингапурда кекса ёшдагилар ва ногиронлар махсус харитали илова билан исталган светофорда қизил чироқ ёниб туришини 13 секундга узайтиришлари мумкин. Бу уларнинг йўлдан хавфсиз ўтиб олишлари учун қилинган.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра йирик шаҳарларда яшовчилар умрининг олти ойини светофорнинг яшил чироғи ёнишини кутиб ўтказишади.

Лондон шаҳридаги светофорга ўрнатилган ёдгорлик
www.alamy.com

Ҳар йили 5 август куни дунёда Светофорлар куни нишонланади. Айнан шу кунда АҚШнинг Кливленд шаҳрида ҳозирги светофорларга ўхшаш светофор ўрнатилган. Кўплаб давлатларда шу сана муносабати билан турли таълим муассасаларида йўл-ҳаракати қоидалари бўйича тадбирлар ўтказилади. Одамларга қоидалар ёзилган брошюралар тарқатилади.

Светофорлардаги қизил ва сариқ ранглар кейинчалик футбол ўйинлари вақтида шу икки рангдаги карточкалар қўллана бошланишига сабаб бўлган.

Яъни 1960-йиллар охирида ҳам футбол ўйинлари пайтида ҳакамлар огоҳлантиришларни фақат дафтарчага қайд этишарди.

1966 йилда Англияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатида Аргентина ва Англия ўзаро баҳс олиб боради. Ўйин давомида ҳакам аргентиналик Антонио Раттинни майдондан четлатади. Бироқ футболчи германиялик ҳакамнинг гапини тушунмайди ва тортишув келиб чиқади.

Баҳсдан сўнг англиялик ҳакам ўйин пайтида футболчиларга бериладиган огоҳлантиришларни светофорда бўлгани каби сариқ ва қизил карточкалар кўрсатишни таклиф қилади. Таклиф қабул қилинади ва шундан сўнг огоҳлантириш олган футболчиларга сариқ ва қизил ранглардаги карточкалар кўрсатила бошланади.

Ғайрат Йўлдош 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.