Депутатлар Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда

Улашиш:

Депутатлар йўлларда фуқаролар манфаатларининг устуворлигини таъминлаш, экологияни муҳофаза қилиш, пиёда ва велосипед ҳаракатига шароит яратишни назарда тутувчи «Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. «Бундан буён автомобил ҳайдашнинг ўзи бўлмайди. Масъулият бир эмас, ўн баравар ошади», — деди Расул Кушербаев.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга қаратилган «Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, деб хабар берди Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Унда йўл ҳаракатини ташкил этишнинг асосий принциплари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • фуқаролар манфаатларининг устуворлиги;
  • йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича фаолият ва тадбирларнинг тизимлилиги;
  • экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг устуворлиги;
  • пиёда ва велосипед ҳаракатланиши учун шароит яратиш;
  • очиқ ва жамоатчиликни ўз вақтида хабардор этиш.

Депутатнинг ёзишича, ушбу қонун асосида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, жумладан қуйидагиларни белгилаш назарда тутилган:

  • Ҳайдовчилик ҳуқуқини олишга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати;
  • Ҳайдовчилик ҳуқуқини олгандан кейин транспорт воситасини бошқаришга тўсқинлик қилувчи касалликлар рўйхати.

«Кўриб турганимиздек, бундан буён автомобил ҳайдашнинг ўзи бўлмайди. Масъулият бир эмас, ўн баравар ошади. Албатта масъулият ошиши ҳайдовчилар билан бир қаторда назорат қилувчи органларнинг ходимларида ҳам параллел равишда кечмоғи лозим. Шу боис, ўртоқлар автомобил ҳайдашда „ўпкани босиб“, хушёрликни оширишни ҳозирданоқ бошлайверайлик», — дея қўшимча қилди Расул Кушербаев.

Эслатиб ўтамиз, ИИВ мазкур қонун лойиҳасини 2021 йилнинг декабрида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.