Фарғонада кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотган дорихона сотувчилари қўлга олинди

Улашиш:

Фарғона вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Департаментнинг Учкўприк тумани бўлими ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Қўқон шаҳрида жойлашган “U.F” оилавий корхонасига қарашли дорихонада ишловчи сотувчи ашёвий далиллар билан ушланган.

У у ерда харидорга 50 дона ампуладаги “Омнадрен 250” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз 2,4 миллион сўмга сотган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, Данғара тумани бўлими ҳамда ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда Бувайда тумани “Янгиқўрғон” маҳалласида жойлашган “V.F” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси ҳам ушланган. У харидорга 75 дона ампуладаги “Омнадрен 250” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини шифокор рецептисиз 4,1 миллион сўмга сотган.

Ҳар икки ҳолатда ҳам дорилар шифокор рецептисисиз ноқонуний сотилгани қайд этилди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текширувчиларнинг таъкидлашича, шифокор рецептисисиз кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш фуқаролар саломатлигига жиддий хавф туғдиради ҳамда назорат тизимини заифлаштиради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.