Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси мамлакатимиз фуқароларига нисбатан зўравонлик содир этилгани юзасидан Россия ваколатли идораларига расмий нота йўллади. Бу ҳақда Бош консул Юсуф Қобулжонов маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳолат аниқланган заҳоти жабрланган фуқаролар билан тезкор алоқа ўрнатилиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Шу билан бирга, фуқаролар томонидан Владивосток шаҳри ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилган.
Шундан сўнг Россия ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги ваколатхонаси ва Приморск ўлкаси прокуратурасига барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилган.
Ҳодиса Ўзбекистоннинг бош консулхонаси ҳамда Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Маълумот учун, ижтимоий тармоқларда яқинда тарқалган видеоларда Владивостокда маҳаллий ёшлар ўзбекистонлик фуқароларни калтаклагани ва таҳқирлагани акс этган. Россия матбуотига кўра, Приморье ўлкаси Тергов қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 213-моддаси (безорилик) билан жиноий иш очган.
Тергов версиясига кўра, маст ҳолатда бўлган ўсмирлар тўхтаб турган автомобилга шикаст етказган ва йўловчиларга ҳужум уюштирган. Гумонланувчиларнинг шахси аниқланган — улардан бири қўлга олинган, икки нафари эса ҳозирда қидирилаяпти.
Жамоат фаоли Расул Кушербоев ҳодисани “миллий адоват билан боғлиқ” деб баҳолаб, Россияда мигрантларга мурожаат қилиш кўп ҳолларда самарасиз ва хавфли эканини таъкидлади.
Таҳлилчи Муҳаммадқодир Собиров эса Россияда ўзбекларга нисбатан нафратнинг ўсиши Путин ҳукумати тарғиботининг оқибати эканини қайд этди:
“Владивостокда 2010 йилда туғилган болаларнинг ўзбек мигрантини калтаклаши — Путин тарбиясидаги илк зомбилар етишиб чиққанидан далолат. Улар мигрантларни ҳар ҳафта ОМОН калтаклаётганини кўриб ўсишяпти”, — дея изоҳ берди у.
Аввалроқ Ўзбекистон ТИВ Москва вилоятида ўзбекистонлик таксичи таҳқирлангани бўйича ҳам Россияга нота юборганди.
Ҳозирча Владивосток воқеаси бўйича юборилган нота натижаси юзасидан маълумот берилмаган.