Сўнгги кунларда интернетда Ўзбекистонда ўткир респиратор инфекциялар (ЎРИ) кескин кўпайгани ҳақида турли миш-мишлар тарқалмоқда. Бироқ Санитария-эпидемиология қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатдаги вазият барқарор ва касалланиш даражаси эпидемик бўсағадан 36,5 фоизга паст.
Расмий маълумотларда айтилишича, Россия ва қўшни давлатларда ЎРИ ҳолатлари мавсумий кўтарилган. Бунда авиақатновлар, меҳнат миграцияси ва хизмат сафарлари орқали вирусларнинг кириб келиши эҳтимоли бор. Аммо Ўзбекистонда эпидемик назорат тизими мунтазам ишламоқда ва касаллик ҳолатлари қатъий мониторинг қилиб борилмоқда.
Қўмита тасарруфидаги 15 та вирусология лабораториясида грипп ва гриппга ўхшаш касалликларни ташхислаш йўлга қўйилган. Ҳозирча ўткир респиратор касалликлар бўйича умумий кўрсаткичлар кўп йиллик ўртача даражадан паст экани қайд этилган.
Шу билан бирга, ёш гуруҳлари кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп ҳолатлар 0–1 ёшдаги болаларда кузатилмоқда. Бу эса иммунитет ҳали тўлиқ шаклланмаган гуруҳ ҳисобланади.
Санепидқўмита аҳолини эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақирмоқда: қўлни тез-тез ювиш, тиббий ниқоб тақиш, жамоат жойларида шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, касаллик белгилари пайдо бўлганда ўзини ўзи даволашга уриниш ўрнига шифокорга мурожаат қилиш муҳимлиги таъкидланмоқда.
Ҳозирча мамлакатда грипп ва ЎРИ бўйича эпидемик ҳолат барқарор бўлиб, расмий идоралар томонидан тўлиқ назорат остида турибди.