Қашқадарёда қалбаки дори ишлаб чиқарувчи яширин цех фош этилди

Улашиш:

Қашқадарё вилоятида қалбаки дори воситалари тайёрлаш билан шуғулланган яширин цех фаолияти тўхтатилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.Д.нинг ноқонуний фаолияти фош этилди.

Маълум қилинишича, у Яккабоғ тумани “Чинобод” маҳалласидаги ўз хонадонида яширин цех ташкил қилиб, дори воситаларининг ёрлиқ ва йўриқномаларини ўзгартириш орқали қалбаки дори воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган.

Тадбир давомида хонадондан умумий қиймати 193,5 миллион сўмга тенг бўлган 11 турдаги 3 211 дона дори воситаси ҳамда 188 638 дона турли дори воситаларининг ёрлиқ ва йўриқномалари ашёвий далил сифатида олинган.

Бош прокуратура маълумотича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари ҳозирда давом этмоқда. Расмий органлар аҳолини фақат лицензияланган дорихоналардан ва ишончли ишлаб чиқарувчиларнинг дори воситаларини харид қилишга чақирмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.