2025 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–141-сон Фармони мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида янги ислоҳотларни бошлаб берди.
Фармонда асосий эътибор судьялар корпусини юксак малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислардан шакллантиришга қаратилган. Бунинг учун Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилади. Академияда “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойили асосида таълим жараёни устоз-шогирд анъаналарида ташкил этилади.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб судьялик лавозимларига номзодлар Академияда махсус олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида таълим олади. Курсларни муваффақиятли якунлаганлар белгиланган намунадаги сертификатга эга бўлиб, бўш судьялик лавозимлари учун танловларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
Шунингдек, амалдаги судьялар ва суд аппарати ходимлари учун малака оширишнинг янги тартиби жорий этилади. Масалан, беш йиллик муддатга тайинланган судьялар ҳар икки йилда икки ҳафталик курсларда ўқиши шарт этиб белгиланди.
Академия фаолияти халқаро стандартлар асосида йўлга қўйилади. Тингловчилар “виртуал суд” машғулотлари орқали реал вақтда суд жараёнларини кузатиб, сунъий интеллект технологиялари асосида ўқиш имкониятига эга бўладилар. Шу билан бирга, хорижий экспертларни жалб этиш, талабаларнинг чет элда стажировка ўташи учун кенг имкониятлар яратилади.
Президент Фармони нафақат судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, балки судьялик касбий маданияти, юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни шакллантиришга ҳам қаратилган. Бу эса, аввало, одил судлов тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг адолатга ишончини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади.
ПФ–141-сон Фармон — мамлакатимизда судьялар корпусини янги сифат босқичига кўтариш, уларнинг касбий салоҳиятини халқаро андозалар даражасига етказишга қаратилган тарихий ҳужжат сифатида муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор мақсадлар амалга оширилишида суд тизимининг ўрни янада мустаҳкамланади.
Жиззах вилоят маъмурий судининг судьяси
А.Сайфитдинов