"Адолат" ахборот тизимлари комплекси ишлаб чиқилади

Улашиш:

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самараси кўзга кўриниб қолган бўлсада, Президентимизнинг ушбу қарори чиқарилишини фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича тизимли тадбирлар белгилаш тақoзо қилди.

Бугунги кунга қадар судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилаётганлиги интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштиришни талаб этади.

Мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ "2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш"  Дастури тасдиқланди.

Дастурда  тадбирларни амалга ошириш шакли, бажариш муддатлари, технологияларнинг баҳоланиш қиймати, молиялаштириш манбаи ва уни бажарувчи масълул ташкилотлар белгилаб берилди.

Унга кўра, 2021 йил 31 декабрга 1 июлдан судьялар ва суд ходимлари замонавий компьютер ва идора техникаси билан талабдан келиб чиқиб тўлиқ таъминланади.

Фуқароларга суд биносидан туриб судлар томонидан кўрсатиладиган интерактив хизматлардан мустақил равишда фойдаланиш имконияти яратилади ва суд биноларига 2022 йил 1 июлдан махсус терминаллар ўрнатилади.

Мурожаат қилувчилар оқими юқори бўлган суд биноларига мурожатларни қабул қилиш ва ҳужжатларни беришда 2022 йил 1  июлдан  электрон навбат ускуналари ўрнатилади.

2023 йил 31 декабргача судлар фаолиятига IP телефон тизими жорий этилади.2021 йил 31 декабргача судга ташриф буюрувчилар  суд биноларида WI-FI  тармоқлари билан таъминланади.

2021 йил 1 январдан барча суд залларида суд мажлисларини аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш тизими жорий қилинади. 2021 йил 21 октябрдан бу тизим судьялар олий мактабида ҳам жорий этилади.

2022 йил 1 июлдан видеоконференцалоқа тизими ўрнатилмаган судларга мобил дастурлари ўрнатилади.

2023 йил 1 июлдан  суд залларидан вазиятни, жумладан суд мажлисининг ўз вақтида ўтказиишини назорат қилиш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқилади.

Олий суднинг мавжуд ахборот тизимлари негизида, шунингдек замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда 2022 йил 1 январдан янги дастурий платформа асосида "Адолат" ахборот тизимлари комплекси ишлаб чиқилади.

2020 йил охиригача замонавий воситалар гаджетлардан фойдаланган ҳолда суд мажлисларида иштирок этиш имконини берувчи мобил видеоконференцалоқа жорий қилинади. Бу режим орқали жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган шахсларни бевосита улар жойлашган жойдан туриб суд мажлисларида, шунингдек суд раҳбариятининг шахсий қабулларида иштирокини таъминлаш тизими яратилади.

             2022 йил 1 июлдан Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар порталида "Суд хабарномаси" хизмати жорий қилинади.Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан аҳоли ва тадбиркорлар томонидан суд ахборот тизимида очилган "Шахсий кабинети"дан фойдаланиш имконияти яратилади.Яъни, уларда биллинг электрон тўлов тизими, давлат божи калькулятори, суд қарорлари банки, судларда кўрилаётган ишларнинг онлайн жадвали билан танишиш имконияти яратилади.Яъни, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларида ҳар бир мурожаатнинг кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш имконияти яратилади.

            2020 йил 31 декабргача маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишларни электрон кўринишда шакллантириш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқилади.

            2021 йил 1 июлдан судларнинг ахборот тизимлари орқали давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича "Йўл харитаси"га асосан зарур маълумотларни электрон шаклда олиш имконияти яратилади.

            2023 йил 1 январдан суд ишларини архивга электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш тизими ишга тушади.

            2021 йил 1 октябрдан бошлаб судларда иштирок этувчи шахсларга суд ҳужжатларини электрон шаклда юбориш, шунингдек "SMS" хабар ҳамда электрон почта манзилига юбориш орқали уларни хабардор  қилиш тизими яратилади.

            2022 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво ариза, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш тизими жорий қилинади.

            Шунингдек, судлар фаолиятига жорий этилган ахборот-коммуникация технологиялари ҳақида аҳоли орасида доимий равишда тренинг, семинар ўтказииш, видеоролик ишлаб чиқиш ва бошқа тадбирларни ташкил этиш белгиланган.

            Алоҳида режага асосан судлар фаолиятига жорий этилаётган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш белгиланган.

             Судларда ҳар йили замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий қилишга масъул бўлган ходимларнинг малакасини доимий равишда ошириб бориш дастурга киритилган.Унга кўра, ходимларнинг саводхонлиги ва малакасини ошириш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари унивеситети ва унинг филиаллари бириктирилган.

            Дастурда белгиланган замонавий ахборот технологияларини харид қилиш ва ишга тушириш маблағлари давлат бюджети, хорижий ҳамкорларнинг маблағлари, суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси ва Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга ошириш белгиланган.

             Бир сўз билан айтганда, Президентимиз қарори билан белгиланган Дастур ижроси бўйича судларга ахборот технологияларини кенг жорий қилиш, фуқаролар ва тадбиркорларда суднинг шаффофлигини, очиқлигини намоён қилиш, судларда кўрилаётган ишларнинг муддатида кўрилиши, судга ариза, таклиф ва шикоятларни тайёрлаш, суд ҳужжатлари билан танишиш, эркинлигини ошириш, мурожаатларнинг кўрилишини онлайн кузатиб боришга шарт-шароит яратиш мақсад қилинган. Бу эса ўз-ўзидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини, адолатли суд қарорлари чиқарилишига ишончини орттиради, суд ҳокимиятининг обрў-эътибори ва нуфузини оширади.

 

    Фуқаролик ишлари бўйича

    Жиззах вилоят суди судьяси                                           Ш.Муллажонов                        

 

    Фуқаролик ишлари бўйича

    Зарбдор туманлараро суди раиси                                   Э.Умурзаков                                        

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.