Замонавий технологиялар судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлайди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 03 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ишларнинг жадаллашуви ва янги босқичга кўтарилиганлиги исботи ҳисобланади.

Мазкур Қарорга асосан қуйидагилар суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгиланмоқда:

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;

судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;

махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;

суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.

Шунингдек, 2020 ― 2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастурига мувофиқ,

2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш кабилар тасдиқланди.

 

                               З.Нурматов Ғаллаорол туман маъмурий

                               судининг раиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.