2025 йил апрелида электр энергияси ва газ нархининг ўсиши инфляция даражасини қўшимча 1,5−1,8 фоиз пунктига оширади ва бу омил келаси йил учун инфляция прогнозида ҳисобга олинади, деди МБ раиси. Шу билан бирга, майдаги нархлар ўсишининг таъсири дастлабки ҳисоб-китоблардан юқори бўлиб чиқди.
Ўзбекистонда 2025 йил апрель ойида электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши умумий инфляция даражасига 1,5−1,8 фоиз пункти қўшади. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 31 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.
Асосий сценарийга кўра, МБ инфляция йил охирида кутилаётган 9,5 фоиздан 2025 йилда 6−7 фоизгача пасайишини кутмоқда. МБ раисининг сўзларига кўра, бу кўрсаткич апрелдан бошлаб яна кўтариладиган энергия ресурслари нархининг ошишини ҳисобга олади. Хусусан, электр энергиясига (ойига 200 кВт/соат доирасида) базавий тариф 33,3 фоизга — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун — 650 сўмдан 1000 сўмга (+53,8 фоиз) ошади.
Бу яқинда етти йил ичида биринчи марта 14 фоиздан пастга туширилган базавий ставканинг ошишига олиб келадими, деган саволга Мамаризо Нурмуратов шундай жавоб берди:
«Бу инфляция муҳитига боғлиқ бўлади. Инфляция даражаси 10,5% бўлса ҳам, нега ставка пасайтирилмаяпти, деб ҳайрон бўлишингиз мумкин. Биз учун инфляция муҳити кўпроқ нарсани англатади. Биз учун базавий инфляция ва аҳолининг асосий 30 турдаги истеъмол товарлари нархларининг ўзгариши муҳимроқ. Биз кўпроқ ушбу ўзгаришларга эътибор қаратамиз. Умумий инфляция 10,5% даражасида барқарор бўлса ҳам, охирги чоракда асосий инфляция 1,1 фоиз пунктига ўсиб, 7,1 фоизни ташкил этди. Бу инфляция хавфи сақланиб қолаётганини англатади».
1 майдан бошлаб газ ва электр энергияси тарифлари ошишининг умумий инфляцияга қўшган ҳиссаси дастлаб 2,4 фоиз пунктга баҳоланган эди. МБ раҳбарининг таъкидлашича, тарифлар ошишининг инфляцияга таъсири 4,2 фоиз пунктида прогноз қилинган, бироқ бу кўрсаткич пастроқ — 3,9 фоиз пунктида бўлган.