Инфляцион кутилмалар пасайишда давом этмоқда, аммо валюта курси ўзгариши бўйича хавотирлар ортди

Улашиш:

Ўзбекистонда кутилаётган инфляция кетма-кет бешинчи ой пасаймоқда. Марказий банкнинг инфляцион кутилмалар бўйича июнь ойида ўтказилган сўровида бизнес ва уй хўжаликлари келгуси 12 ой ичида нархларнинг ошишига асосан валюта курсининг ўзгариши таъсир қилишини қайд этган.

Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари январь ойида кузатилган рекорд даражадаги ўсишдан сўнг кетма-кет бешинчи ой пасаймоқда, деб хабар берди Марказий банк. Июнь ойи якунларига кўра, аҳолининг нарх бўйича кутилмалари ўртача 13,3 фоизни (май ойига нисбатан -0,4 фоиз), тадбиркорларники эса 13,3 фоизни (-0,3 фоиз) ташкил этди.

Тошкент инфляция кутилмалари бўйича энг пессимистик ҳудуд бўлди. Пойтахтдаги респондентлар инфляция 16,8 фоиз бўлишини (+0,6 фоиз) кутмоқда. Нархларнинг юқори темпда ўсиши Бухоро вилоятида — 14,9 фоиз (+1 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида — 14 фоиз (+0,3 фоиз) ҳам кутилмоқда. Энг оптимистик кутилмалар Қорақалпоғистонда қайд этилган — 10,9 фоиз (-0,4 фоиз).

Июнь ойидаги сўровларда тадбиркорлар кутаётган хавфлар орасида валюта курси ўзгариши омили кескин ошди ва 11 фоиз пунктга кўтарилиб, 55 фоизни ташкил этди. Валюта курсининг ўзгариши аҳолининг ҳам энг кўп хавфсираётган омили — буни респондентларнинг 50 фоизи қайд этган. Эслатиб ўтамиз, шу кунларда долларнинг сўмга нисбатан расмий курси ўзининг тарихий максимумини янгилади.

Шунингдек, аҳоли келгуси 12 ойда нархларнинг кўтарилишига асосан

  • иш ҳақининг ошиши (респондентларнинг 40 фоизи, май ойида 36 фоиз бўлган);
  • бозорда монополияларнинг мавжудлиги (38 фоиз, май ойида 36 фоиз);
  • нархларнинг сунъий ошиши (34 фоиз, май ойида 36 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархининг ошиши (33 фоиз, май ойида 32 фоиз);
  • иқлим ўзгариши сабабли экинлар ҳосилининг камайиши (26 фоиз, май ойида 24 фоиз) таъсир этишини кутмоқда.

Охирги омил Марказий банк сўровига биринчи марта киритилган.



Бизнес ҳали ҳам инфляцияга иш ҳақининг ошиши — 39 фоиз (36 фоиз) ҳамда ёқилғи ва энергия нархининг ошиши — 32 фоиз (30 фоиз) таъсир қилади, деб ҳисобламоқда.

Респондентларнинг қарийб 27 фоизи (ўтган ой деярли 30 фоизни ташкил этган) йил охиригача инфляция расман прогноз қилинган даражада бўлишини (9−12 фоиз) кутмоқда. Шу билан бирга, инфляция 13−16 фоиз ва 17−20 фоиз оралиғида бўлишини прогноз қилган респондентларнинг улуши бироз ошди. Инфляция 5 фоиз ва ундан паст даражада бўлишини кутаётган респондентлар сони кескин ошди.

инфляцион кутилмалар, инфляция, марказий банк

Катталаштириш учун устига босинг

Инфляция кутилмалари — одамларнинг келгуси ойлар ва йилларда нархларнинг ошиши ҳақидаги тахминлари. Бу тахминлар одамларнинг истеъмолчи сифатидаги хатти-ҳаракатларига таъсир қилади. Нархлар кўтарилиши мумкин бўлган нарсаларни тезда сотиб олишни хоҳлайдиган одамлар харидларни кечиктиришни тўхтатади, кўпроқ пул сарфлайди, камроқ тежайди ва тез-тез кредит олади. Натижада кутилаётган инфляция реал инфляцияга таъсир қилади. Талабнинг ошиши таъсирида нархлар тезроқ кўтарила бошлайди.

Агар одамлар инфляциянинг ўсишини вақтинчалик деб ҳисобласа, узоқ муддатли инфляция кутилмалари ошмаслиги мумкин — инфляция кутилмаларининг бундай мустаҳкамланиши Марказий банк сиёсатига бўлган ишончга асосланади: бизнес ва аҳоли пул-кредит сиёсати инфляцияни аввалги даражага қайтаришига ишонганда, келажакдаги нархларнинг ошиши ҳақида камроқ ташвишланади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.