News time: Тармоқдан узилган 40 минг хонадон, пасайтирилаётган ставкалар ва бакалавриат учун бошланган қабул

Улашиш:

Ўзбекистонда сешанбадан бошлаб жазирама пасайди

Якунланаётган ҳафтанинг сешанба кунидан бошлаб Ўзбекистонга Кавказдан нисбатан совуқроқ ҳаво кириб келиши ҳисобига иссиқ пасая бошлади. Иш ҳафтаси охиригача ҳаво ҳарорати +33…+38 даража атрофида бўлди.

Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қарийб 40 минг хонадон электр тармоғидан узилди

19 июнь куни кучли шамол туфайли Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида қарийб 40 минг истеъмолчи электр тармоғидан узилди.

19 июнь куни соат 17:00 га қадар Бухоро ва Навоий вилоятларида кучли шамол туфайли бир неча ўн минглаб хонадонлар электр узатиш тармоғидан узилди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Жумладан, Бухоро вилоятининг Шофиркон, Пешкў ва Ғиждувон туманларида 6 минг, Навоий вилоятининг Нурота, Навбаҳор, Конимех ва Кармана туманларида 23 560 истеъмолчи электр таъминотидан узилди.

Кейинроқ вазирлик соат 18:00 га келиб кучли шамол оқибатида Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Қўшработ туманларида ҳам 9 минг хонадон электр таъминотисиз қолганини маълум қилди.

Оқибатда туманлардаги жами 9 минг хонадон электр энергиясисиз қолган.

Қурбон ҳайити 28 июнь куни нишонланади

Ўзбекистонда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июнда нишонланади, дея маълум қилди Мусулмонлар идораси. Ўзбекистонда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июнь — чоршанба кунига тўғри келади ва фуқаролар 2 июлгача кетма-кет 5 кун дам олади.

Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июнь — чоршанба кунига тўғри келади ва шу куни Қурбон ҳайити байрами сифатида нишонланади.

2022 йил 23 декабрдаги «2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармон билан иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 29−30 июнь кунлари, 6 кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 1 июль куни қўшимча дам олиш куни сифатида белгиланди.

 

«Шароити оғир» 47 та тумандаги тадбиркорлар учун солиқ ставкаларини пасайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистоннинг 47 та «шароити оғир» бўлган туманида тадбиркорлар учун мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини пасайтириш, фойдаланилмаётган объектлар эгаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишини бекор қилиш режалаштирилмоқда. Мазкур ўзгаришларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Қонун лойиҳасида, шунингдек,

  1. давлат органларига, муассаса ва ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва улар томонидан бошқа ташкилотларга ижарага берилган ерларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш;
  2. ерлардан кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда уй-жой эгалари учун уч карра оширилган ставкада ер солиғини ҳисоблаш тартиби қўлланишини тўхтатиб туриш;
  3. электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш кўзда тутилмоқда.

 

ОТМларнинг бакалавриат босқичига онлайн рўйхатга олиш бошланди

20 июндан абитуриентларни бакалавриат босқичига my.uzbmb.uz сайти орқали онлайн рўйхатга олиш бошланди. Жараён 20 июлга қадар давом этади.

Абитуриентлар мазкур сайтнинг «Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул» бўлими орқали онлайн рўйхатдан ўтади. Бунда абитуриентлар фанлар мажмуаси ҳамда кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиши мумкин.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишларига онлайн рўйхатга олиш эса 10 июлгача (10 июль куни ҳам) амалга оширилади.

Белгиланган муддат давомида абитуриентлар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ҳамда чет тилидан сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини тизимга киритишлари мумкин.

Сенат байроқдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирувчи қонунни маъқуллади

Сенат байроқдан фойдаланиш имкониятини кенгайтирувчи, жумладан, уни хонадонларга осиб қўйиш, кийим-кечакларга ёпиштириш, оилавий ва бошқа тадбирларда ишлатиш мумкинлиги белгиланган қонунни тезда маъқуллади. Лойиҳа 1 июнда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва 20 июнда Қуйи палатада қабул қилинганди.

Президент қонунни тасдиқласа, давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам фойдаланишга рухсат берилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.