Сешанба кунидан бошлаб Ўзбекистонга Кавказдан нисбатан совуқроқ ҳаво кириб келиши ҳисобига иссиқ пасая бошлайди. Иш ҳафтаси охиригача ҳаво ҳарорати +33…+38 даража атрофида бўлади.
Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 19−23 июнь кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.
Душанба куни кундузи республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +36…+41 даража, Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда +42…+45 даража атрофида бўлади.
20 июнда Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳафтанинг биринчи ярмида об-ҳавонинг беқарорлиги республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сақланиб туради — баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар ёғади. Душанбанинг иккинчи ярмида ва сешанбада баъзи жойларда ёмғир кучли ёғади, дўл ёғиши эҳтимолдан холи эмас.
Пойтахтда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечаси ва эрталаб 20 июнда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади.
Фақат душанбанинг иккинчи ярмида шамол тезлиги 12−17 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 19 июнда +38…+40 даража, кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача +35…+37 даража бўлади.