Сирдарё вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ёшлар билан учрашди

Улашиш:

Жорий йилнинг 21 январь куни Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи 4-сектор раҳбари Жўрабек Ғойибов Гулистон тумани ёшлари билан учрашди.
Учрашувда туман ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши аъзолари, Ёшлар келажагимиз давлат дастури бўйича масъуллар, банк ва бошқа мутасадди ташкилот ходимлари иштирок этдилар.
Гулистон туманининг иқтидорли, истеъдодли, фаол ёш спортчилари, ёш тадбиркорлар, ўқувчилар таклиф этилган учрашув аввалида Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги умумтаълим мактабида ёшлар билан ўтказган учрашувида белгилаб берилган вазифалар хусусида тўхталиб ўтилди.

Ўзаро самимий, очиқ тарзда ўтказилган тадбирда 4-сектор раҳбари янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан киритилган ўзгаришлар, ҳунармандчилик фаолияти бўйича енгиллик ва афзалликлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтди.
– Биз каби ёшлар билан раҳбарлар иштирокида учрашувлар ўтказилаётганлиги бу жуда қувонарли ҳамда ҳаяжонли, – дейди ёш тадбиркор Музаффар Болтабоев. – Айниқса, бугунги учрашувда айнан тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш борасида керакли маълумотларга эга бўлдим. Ўйлайманки, мен каби ёш тадбиркорларга бундай учрашувлар қанот бағишлайди.
Дарҳақиқат, озгина кўмак берилса, қўллаб-қувватланса, ўзининг тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган йигит-қизлар наинки ҳар бир туман ва шаҳарларда балки ҳар бир қишлоқларда бор. Учрашувдаги мулоқотларнинг ҳам кўп қисми айнан шу мавзуда бўлди. Кўтарилган масалаларнинг кўпчилиги амалий ечимини топди.
Шунингдек, ёшларга ўрнак бўлиб келаётган фаол ёшларга, ёш спортчиларга вилоят Давлат солиқ бошқармасининг фахрий ёрлиғи, эсдалик совғалари, бадиий китоблари ва спорт анжомлари совға қилинди.

 

Тадбир доирасида ёшлар меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, унда тумандаги корхона ва ташкилотлар бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Солиқ қонунчилиги оид кўргазмали воситалар намойиш этилиб, буклет ва флаерлар тарқатилди.
Учрашув давомида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун маданий-маърифий тарбияни кучайтириш, ёшлар бўш вақтини кўнгилли ўтказиши учун шароитлар яратиш, хусусан, спорт тўгаракларини кўпайтириш юзасидан қатор таклифлар, ташаббуслар билдирилди.
Ҳар бир мурожаат, билдирилган фикрлар, олға сурилган ташаббуслар масъуллар томонидан белгилаб олинди. Ишонамизки туман ёшларига тадбиркорлик, изланувчанлик ва билим олишда янада янада кенг имкониятлар яратилади. Ўз ўрнида бунга жавобан ёшлар ютуқлари ва юксак натижалари билан юртимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшадилар.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси
Матбуот хизмати.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.