Самарқандда «Қизил китоб»га киритилган кийик боғ директори томонидан отиб ўлдирилгани айтилмоқда

Улашиш:

Зарафшон давлат миллий боғи ҳудудида «Қизил китоб»га киритилган ноёб кийик тури отиб ўлдирилди. Ана шу ҳудудга яқин ерда яшовчи фуқаронинг мурожаатига кўра, ушбу кийик бегоналар томонидан эмас, айнан миллий боғ директори томонидан овланган. Шунингдек, унга дўстлари ва ходимлари ҳамроҳлик қилган, дея хабар берди «Дарё».

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизматининг аниқлик киритишича, 2021 йилнинг 8 февраль куни Зарафшон миллий табиат боғи атрофида, миллий табиат боғининг 1-бўлимидаги Бухоро хонгули сақланадиган жойнинг орқа томонидан ўқ овози эшитилган.

Боғ атрофида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Д.нинг берган маълумотига кўра, у овоз келган томонга яқинлашиб борган ва боғ раҳбари, участка нозирлари ҳамда ҳайдовчи бир дона буғуни машинага ортаётганини кўрган. Шундан сўнг улар буғуни дарё ёқасига олиб чиқиб, унинг терисини шилган ва гўштини олиб, терисини ташлаб кетган.

Воқеага гувоҳ бўлган Ж.Д. қўл телефони орқали тери ва қон изларини тасвирга олиб, ашёвий далилларни уйига олиб кетган.

2021 йилнинг 10 февраль куни далилларни Жомбой туман прокуратурасига олиб борган. Туман прокуратураси тегишли ташкилот ва органлар ҳамкорлигида тезкор гуруҳ тузиб, ҳолатни ўрганиш ишларини бошлаган. Прокуратура томонидан 11 февраль куни миллий табиат боғига тегишли бўлган «Нива» машинаси ашёвий далил учун олиб келинган ва текширувдан ўтказиш ишлари олиб борилган.

Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда терговгача суриштирув, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.