Мақола учун манбаларни қандай топиш мумкин ва нима учун уларни текшириш керак

Улашиш:

Кўпинча, журналистикага кириб келган ёшлар ёки янги блогерлар ўз мақолаларини ёзиш учун Интернетдан олинган 1-2 та матндан фойдаланадилар. Шундай қилиб, асл мақола копирайтерларнинг бутун армияси томонидан қайта ёзилган кўплаб клонларга эга. Ва керакли маълумотни қидиришда кўплаб сайтларга кириб, у ерда янги ва фойдали нарсаларни топа олмайдиган ўқувчиларнинг жаҳллари чиқишини тушунса бўлади.

Профессионал копирайтерлар мутлақо бошқача ёндашувга эътибор қаратадилар. Уларга қидирув натижаларининг юқори қисмидаги мақолалар у қадар асосий манба сифатида қаралмайди. Балки қўшимча маълумот манбаи сифатида заҳирага олинади.

Аммо асл маълумотни қаерлардан олиш керак? Қандай қилиб муаллифлар манбаларни танлашда янглишмаслиги ва ўз аудиторясига улкан ҳажмдаги маълумотлардан энг қимматли ва ишончли маълумотларни тақдим этиши мумкин? Ва жуда ишончли манбаларни қаердан қидириш керак? Sangzor.uz да бугун шу ҳақда маълумот берамиз.

 Нима учун манбаларни текширишингиз керак

Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар бир муаллиф ҳар доим фойдаланилган маълумотларининг тўғрилигини текширади. Бу нима учун керак?  

 1. Ўқувчиларнинг ишончи ортиши учун. Манбага кўрсатилган ҳавола ўқувчининг мақолада келтирилган маълумотларга бўлган ишончини сезиларли даражада оширади. Агар ўқувчида шубҳа пайдо бўлса, у ҳар доим асл манбага мурожаат қилади ва ҳамма нарсани асл матндан ўқиши мумкин бўлади.

 2. Муаллифнинг малакаси ошади. Асл манбани қидиришда сиз жуда кўп фойдали ва муҳим нарсаларни ўрганишингиз мумкин.

 3. Хатолар эҳтимоли камаяди. Сохта мақолалар муаллифи сифатида тан олинмаслик ва провокацияга берилмаслик учун ҳар доим манбаларни текширинг.

 4. Аудиториянинг содиқлиги ортади. Ҳар бир таҳририят муаллифнинг ёзганларини текшириб, улар ҳақиқатга мос келадими ёки йўқлигини билишга қодир эмас. Аммо вақт ўтиши билан ҳар томонлама ўрганилган материаллар туфайли сиз жиддий ёзувчи сифатида обрўга эришасиз. Сизнинг мақолаларингиз учун муносиб пул тўлашга тайёр бўлган доимий мижозларингиз бўлади.

Сиз фойдаланишингиз мумкин бўлган манбалар

Буюртмачидан олинган маълумот

Албатта, биринчи ва энг ишончли маълумот манбаи сизнинг буюртмачларингиздир. Улар ўзлари ҳохлаётган буюртмада веб-сайтлари ҳақида, тақдимотлар ва товарларнинг тавсифлари, керакли техник хусусиятларини тақдим этишса сиз улар ҳақида етарли маълумотга эга бўласиз. Шунингдек, рақобатчилари ва йирик етказиб берувчиларнинг манбаларига ҳаволаларни сўрашингиз мумкин. Бундай маълумотлар ёрдамида сиз эксперт даражасидаги матнларни осонгина ёзишингиз мумкин.

Агар сизда ҳали ҳам бундай мижозлар бўлмаса, эски ишончли манба - кутубхонадан фойдаланинг.

Кутубхона

Ваҳима қилманг: ҳеч ким сизни сўзма-сўз маънода кутубхонага боришга мажбурламайди. Интернет туфайли электрон китоблар, шунингдек газета ва журналлар, аниқроғи уларнинг онлайн версиялари сизнинг ихтиёрингизда. Сизга керак бўлган ягона нарса - онлайн кутубхона саҳифасига ташриф буюриш.

Ахборот манбаи сифатида кутубхонани танлашда ушбу ньюансни ёдда тутинг: 2000 йилдан кейин нашр этилган китоб нашрларига кўр-кўрона ишониб бўлмайди, чунки ҳамма китоблар ҳам тақризга эга эмас. Иложи борича, йирик ноширлар томонидан нашр этилган ёки ушбу соҳада таниқли мутахассислар томонидан ёзилган китоблардаги маълумотлардан фойдаланинг.

Китобларни тўлиқ ўқиб чиқиш умуман шарт эмас. Кўпинча қизиқарли ва фойдали маълумотлар инструкция-кўрсатмаларда мавжуд бўлади. Тажрибали ёзувчилар ноёб савдо таклифини ёзиш учун зерикарли техник хусусиятлар тўпламидан моҳирлик билан фойдаланадилар. Сиз ҳам бир уриниб кўринг!

Шахсий тажриба

Ўзингизга яқин мавзуда мақола ёзаётганда ўз билимингиз ва тажрибангиздан бемалол фойдаланинг. Бу сизга ишончли маълумотни топишда ва мазмунли матнни яратишда ёрдам беради.

Дўстлар ва яқин инсонлар тажрибасидан фойдаланиш тақиқланмаган. Бу сизга сантехник оғайнингизни қўнғироқ қилиб безовта қилиш керак, дегани эмас. Аммо дўстлар ва ҳамкасбларингиз билан ёзган мақолаларингиз ҳақида суҳбатлашиш фойдадан ҳол бўлмайди. Эҳтимол, улар сиз учун фойдали фикрларни айтиб беришар ёки мақолангизда етишмаётган жиҳатларни билиб оласиз. 

Веб-сайтлар

Энг машҳур маълумотлар манбаси ҳисобланади. Мақола ёзаётганингизда ўқувчини чалғитмаслик учун, таниқли компанияларнинг расмий веб-сайтларига ҳавола бериш зарур. Чунки улар ўз обрўлари учун ҳам нотўғри маълумотларни нашр этишмайди. 

Танланган манбанинг сифати кўпроқ муаллифи кимлиги ва нима учун у шундай ёзганлигини таҳлил қилишдан бошланади. Таҳлилда ахборотни бузиш учун муаллифда яширин сабаблар мавжудлигини аниқланг. Ушбу услуб сизга маълумотларнинг ҳақиқийлигини аниқлашга ва хато қилмаслигингизга ёрдам беради.

Ҳар доим интернетдаги манбанинг рейтингини, шунингдек муаллифнинг кимлигини текшириб кўринг. Аудиториянинг ишончини сўндирмаслик учун ёлғон фактларни тарқатманг ва тасдиқланмаган маълумотлардан фойдаланманг. 

Хорижий манбалар

Чет тилини билиш сизга катта плюс  келтиради. Бундай ижодкор ноёб маълумотларни топиш эҳтимоли кўпроқ. Албатта, биз манбани машинавий тарзда (таржимон сайтлар ёрдамида) таржима қилиш ҳақида гапирмаяпмиз. Интернетдаги қидирув роботлари учун бундай матнлар жозибадор ҳисобланмайди: улардаги сўзлар ва матн мазмуни бир-бирига мос келмайдиган сўзлардан иборат бўлади ва ўқувчининг ҳис-туйғуларини уйғота олмайди.

Копирайтер ёки таржимон учун мақоланинг моҳиятини англаш ва унинг асосида ўқувчига тушунарли бўлган тилда фикрларни тақдим этиб, "нолдан" матн яратиш муҳимдир.

Экспертнинг фикри

Юқори сифатли, пухта тайёрланган контентни яратишда, ўз соҳасида катта тажрибага эга бўлган кишининг -  эксперт хулосасини қўшинг. Бу ўқувчиларда  материалнинг ўзига, шунингдек блогга ёки веб-сайтга содиқлигини оширади.

Мутахассис танлашда муҳим мезон:

  • биринчи навбатда - машҳурлик;
  • ушбу мавзуга оид ўн минг соатдан ошиқ ўтказилган тажриба;
  • малакалар + ноёб билимлар;
  • билим ва тўпланган тажрибани аниқ натижага айлантириш қобилияти;
  • мақсадли аудиториянгиз муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берадиган эксклюзив маълумотларнинг мавжудлиги;
  • бошқа мутахассисларнинг ишончи.

Мутахассисларни танлаш воситалари

Ижтимоий тармоқлар ва блог. Танланган экспертнинг профилидаги обуначилар ва шарҳлар сонини кўринг. Унда лайклар ва репостлар кўпми? Агар ҳа бўлса, сиз қизиқарли контент яратишни биладиган ҳақиқий мутахассисни топдингиз. Бу инсон обуначиларининг эътиборини ушлаб туришни ва уларга қандай маълумотлар етказиб беришни билади. Шу нуқтаи назардан, шарҳлар лайклардан кўра қимматроқ. Одамлар унинг постларини кузатиб бориш билан бирга,  вақтларни  мавзу юзасидан берилаётган изоҳларга ҳам сарфлаши бу яхши белги саналади.

Оммавий ахборот воситаларидаги мақолалар ҳамда эслатмалар экспертнинг муаммоларни ҳал этишга ўз ечимларини таклиф қилиш қобилияти борлигини тасдиқлайди. Шубҳасиз, бундай кишилар қандай қилиб фойдали ва қизиқарли контент яратишни  билишади. Ушбу мутахассиснинг обрўси унинг нуфузли конференциялардаги иштироки билан ҳам тасдиқланади.

Норасмий ёндашув. Жуда кам учрайдиган ҳислат – мавзу  ҳақида содда ва аниқ интервью бериш қобилияти. Етарли тажриба ва билимга эга бўлган бундай кишилар ўз маҳорати ва илғор ишланмаларини  бошқалар билан доим баҳам кўрадилар.

Бонус: "Википедия"

Гарчи кўпчилик Википедиядаги маълумотлардан нусха кўчирмасликни сўрашса-да, барибир ушбу манбадан фойдаланиш керак. Гап шундаки, ҳар қандай мақоланинг охирида манбаларга ҳаволалар берилади. Бу катта плюс бўлиб, сизга маълумотни асл манбадан топиб ўқиш ва мақолада ундан фойдаланишингиз бу ерда  турли ноаниқликларни мавжуд эмаслигини кўрсатади.

Энг катта камчилик шундаки, мақолаларнинг аксарияти турли тахаллуларс ортига яширинган номаълум муаллифлар, фейк профиллар томонидан ёзилган бўлади. Бундай ҳолларда муаллифнинг малакасига баҳо беришнинг иложи йўқ. Шунингдек, тақдим этилган маълумотларнинг объективлигини аниқлаш керак бўлади.

Шу сабабли, биз Википедияни материал йиғишнинг бошланғич нуқтаси сифатида тавсия қиламиз.

Манбаларни қандай текшириш мумкин

Ҳар доим асл манбани қидириб топинг. Бу асосий қоида. Ҳуқуқий ёки молиявий мавзуларга оид мақолалар ёзадиганлар учун бу қийин бўлмайди, чунки барча расмий ҳужжатлар жамоат мулки ҳисобланади.

Интернетда 100% ишончли манба деб номланадиган бундай сайт йўқлигини эслаш зарар қилмайди. Кўпгина профессионаллар ушбу аксиомани узоқ вақт давомида бошқариб келишган.

"Ишон лекин текшир!" - бу сўзлар ҳар бир муаллиф учун қоидага айланиши керак.

Ишончли маълумотни излашга кўп вақт сарфланади. Аммо келажакда шахсий билимларнинг бундай багажи сизга эксперт даражасидаги мақолаларни ёзишда ёрдам беради.

Тўпланган маълумотларни нима қилиш керак?

Шундай қилиб, маълумотлар тўпланди. Энди уни тизимлаштириш керак. Бу қуйидагича амалга оширилади:


 Шунингдек ҳар доим мавзуни тушуниш учун зарур бўлган материални диққат билан ўрганинг. Аммо ҳаддан ошманг, тафсилотларга кўп вақт сарфламанг. 

Ёзишни бошланг!

 Хулоса

Ўқувчини ҳурмат қилинг, масаланинг туб моҳиятини ўрганмай туриб, уларни ёлғон маълумотлар билан қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирманг. Сонга эмас, сифатга эришинг. Доимо сифатли материал тўплаш учун вақт ажратинг.

Мутахассисларни ва ишончли манбаларни излаш, материалларни йиғиш ва кейинчалик қайта ишлаш жуда машаққатли иш эканлиги аниқ. Аммо иш учун мукофот мақсадли аудиториянинг эътиборини сифатли матн билан қозона оласиз. Бу сизга мутахассис сифатида ўсишга ва катта ва жиддий лойиҳалар устида ишлашга ёрдам беради.

Ҳакимжон Фозилов - Sangzor.uz сайти бош муҳаррири 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.