Сувайш каналига тиқилиб қолган юк кемаси биринчи марта жойидан бир оз силжитилди

Улашиш:

Сувайш каналида саёзликка ўтириб қолган ва ҳаракатни тўхтатиб қўйган 400 метрли Ever Given юк кемаси 26 март куни кечқурун ўз жойидан бир оз силжитилган, деб ёзади Meduza.

Кеманинг атрофи қазилиб, 20 минг тоннага яқин қум олиб ташлангач, уни жойидан силжитишга муваффақ бўлишган. Бу ҳақда The Jerusalem Post Мисрдаги манбаларига таяниб маълум қилган.

The Wall Street Journal газетаси Ever Given улкан контейнер ташувчи кемаси 27 март, шанба куни каналдан чиқарилиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Ever Given’ни каналдан чиқариб олиш билан шуғулланаётган SMIT компаниясига эгалик қилувчи Boskalis концерни эса Сувайш канали орқали ҳаракат келаси ҳафта бошида, яъни камида 29 март кунига келиб қайта тикланишини маълум қилди.

Ever Given кемасини бошқарувчи Evergreen компанияси 26 март куни қутқарувчилар кеманинг бурун қисмини қум ва тупроқдан тозалашда давом этаётганини таъкидлаган эди.

Канал маъмурияти раҳбари Усама Рабиа матбуот анжуманида маълум қилишича, юк кемасининг саёзликка ўтириб қолишига асосий сабаб шиддатли шамол бўлмаган. Ҳодисага техник хатолик ёки инсон омили сабабчи бўлган бўлиши мумкин.

Айни пайтда Сувайш каналига киришда 321 та кемадан иборат навбат йиғилган. Канал маъмурияти маълумотларига кўра, Ever Given кемасидан кемалар мувозанатини сақлаш ва уларда тегишли оғирликни таъминлаш учун қўлланиладиган 9 минг тонна балласт сув олиб ташланган.

Эслатиб ўтамиз, Хитойдан Нидерландияга йўл олган контейнерларни ташувчи энг йирик кемалардан бири Ever Given 24 мартга ўтар кечаси Сувайш каналига тиқилиб қолди. 400 метрлик кемани каналдан олиб чиқиш ҳаракатлари бесамар кетмоқда.

Кема ушбу канал орқали ҳаракатни бутунлай тўхтатиб қўйди. Дастлаб кемалар қатнайдиган йўлни очишга икки-уч кун кетиши тахмин қилинган эди. Аммо мутахассислар айни пайтда Ever Given’ни саёзликдан чиқариб олишга уринаётган Boskalis компанияси раҳбари Питер Бердовски айтишича, бунга ҳафталаб вақт кетиши мумкин. «Эҳтимол, кемадан контейнерларни, ёқилғи ва сувни олиш, шатакчилардан фойдаланиш ва қумни ювиб юбориш каби бир неча хил усулларни биргаликда қўллашга тўғри келар», — деган у.

Кейинроқ Ever Given контейнер ташувчи кемаси атрофидаги сув тубини қазиш ишлари бошланди. Сув тубини чуқурлаштириш ишлари махсус кемалар ёрдамида контейнер ташувчи кеманинг ҳар томони бўйлаб олиб борилмоқда. Шунингдек, экскаваторлардан ҳам фойдаланилмоқда, улар кеманинг олд қисмидаги қумни олиб ташламоқда, улкан шатакчи кемалар эса уни каналнинг чуқурроқ қисмига тортиб боришга уринмоқда.

Кемалар қатнови бўйича Lloyd’s List компанияси ҳисоб-китобларига кўра, Сувайш каналида саёзликка тиқилиб қолган Ever Given контейнер ташувчи кемаси томонидан кемалар йўлининг тўсиб қўйилиши жаҳон савдосига соатига 400 миллион долларга тушмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.