Расул Кушербаев: Йўқолсин бунақа эркаклар!

Улашиш:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам вазият бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирди.
Бугун эрталабдан сурхондарёлик қандайдир ўқимишли врачнинг ўз жиянининг аёли ва ёш болаларни уриб, уйдан ҳайдамоқчи бўлган видеоси таъбимни хира қилди. Кун шу кайфиятда бошланди.

Билмадим нима учун, бироқ эркак кишининг аёлга қўл кўтаришини кўриш жуда азобли. Ва, афсуски, бундай ҳодисалар ўтмишда қолиб кетгани йўқ, балки айни кунларда ҳам кўз ўнгимизда содир бўляпти.

Видеодаги ҳолат бўйича бугуноқ Ички ишлар вазирлигининг масъулларига чиқдим. Уларнинг билдиришича, махсус ишчи гуруҳи ҳолатни ўрганишни бошлабди.

Интернет тармоқларида тарқалаётган видеодаги ҳолатдан келиб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари қуйидаги жиҳатларга албатта ҳуқуқий баҳо беришлари шарт, деб ҳисоблайман:

Биринчидан, ёши катта эркак (эркак номига номуносиб бўлса ҳам) аёл кишини ёш болалари кўз ўнгида калтаклаб тан жароҳати етказгани;

Иккинчидан, эркак кишининг ёш болаларнинг қорин соҳасига тепиб, уларни кўз ўнгида бола психологиясига салбий таъсир ўтказувчи ҳаракатлар содир этгани;

Учинчидан, ўша зўравон шахснинг ўз номига ўтказиб олган уй-жой бўйича мавжуд ҳужжатларнинг асослилиги. Бунда Уй-жой кодексига асосан болалари билан бирга шу уйда келин сифатида яшаб, уй-жой қурган аёлнинг мулкдор сифатидаги ҳуқуқларига путур етган ёки етмагани;

Тўртинчидан, зўравон эркакнинг ўз жиянининг хотини ва онасини фоҳишаликда ошкора айблашида туҳмат ва ҳақорат элементларининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

Бешинчидан, ушбу эркакдан муттасил калтакланиб келган аёл ва унинг болалари ёрдам сўраб профилактика инспектори ва маҳалла раисига қилган мурожаатлари улар томонидан рад этиб келинганлигининг асослилиги.

Прокуратура органларидан ушбу воқеа бўйича батафсил маълумот ва зўравон эркакнинг ҳаракатлари бўйича кўрилган чоралар ҳақида ахборот кутамиз. Йўқолсин бунақа эркаклар! — дейди депупат.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.