Президент Администрациясида қатор кадр ўзгаришлари амалга оширилди. Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, бир неча департамент раҳбарлари ҳамда Президентнинг соҳалар бўйича вакиллари ва маслаҳатчилари алмаштирилди.
Жумладан, Алишер Самадов Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти раҳбари этиб тайинланди. У бу лавозимга тайинлангани муносабати билан Президентнинг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаментга Дониёр Кадиров раҳбар этиб тайинланди. У бу лавозимга келгани муносабати билан Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатчи вазифасидан озод этилди.
Креатив иқтисодиёт ва туризм бўйича департаментга Гаянэ Умерова раҳбар этиб тайинланди. У аввал Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Коммуникациялар департаменти раҳбари – Президент матбуот котиби вазифасини Шерзод Асадов бажаради. У аввал шу номдаги алоҳида лавозимда фаолият юритган.
Йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш департаменти раҳбари лавозимига Нодиржон Абдурахимов тайинланди. У аввал Режалаштириш ва ахборот таъминоти департаментини бошқарган.
Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаментга Бобур Ходжаев раҳбарлик қилади. Унинг янги тайинлови Президентнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан озод этилиши билан боғлиқ.
Зилемхан Ҳайдаров Президент Администрацияси Ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. У аввал Молия-хўжалик департаменти раҳбари сифатида ишлаган.
Тадбирларни ташкиллаштириш департаменти раҳбари этиб Элла Джахангирова тайинланди. У аввал Президент протоколи раҳбари ўринбосари эди.
Шунингдек, Президентнинг тўғридан-тўғри вакиллари сифатида ҳам бир қатор тайинловлар амалга оширилди. Эркин Юлдашев Президент Администрациясининг Комплаенс хизмати бошлиғи бўлди.
Азизбек Урунов Жаҳон савдо ташкилоти бўйича Президент вакили лавозимига тайинланди. У аввал ушбу масалада махсус вакил вазифасини бажарган.
Азиз Магрупов ташқи инвестициялар бўйича Президент вакили лавозимини эгаллади. Илгари у Президентнинг шу соҳадаги маслаҳатчиси эди.
Алишер Султанов энергетик хавфсизлик бўйича Президент вакили сифатида фаолият юритади. У ҳам ушбу йўналишда маслаҳатчи бўлиб ишлаган.
Одил Абдурахмонов эса спорт бўйича Президент вакили этиб тайинланди. У аввал Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган.
Бу тайинловлар Президент Администрациясининг тузилмасини мақбуллаштириш, бошқарувни самарали ташкил этиш ҳамда аниқ масъулият ва йўналишлар асосида иш юритишни кучайтиришга хизмат қилади.