Европа Иттифоқига вазифасини эслатиб қўйган Норов ким аслида?

Улашиш:

Хабарингиз бор, 27 апрель куни 10 йилдан буён Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Абдулазиз Комилов лавозимидан озод этилиб, Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. У 17 мартдан буён кўриниш бермай келаётган эди. Ўша куни Сенатнинг ялпи мажлисида қатнашган Абдулазиз Комилов расмий Тошкент ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини тан олмаслигини, шунингдек Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини айтди. Бундан кейин Комилов ҳеч ерда кўриниш бермади. Орадан 12 кун ўтиб, 29 март куни унинг хаста экани ва хорижда даволанаётгани маълум бўлди. 

Абдулазиз Комиловнинг саломатлиги, унинг даволанишга айнан сўнгги баёнотдан кейин кетиши кўплаб саволларни ва гап-сўзларни келтириб чиқарди. Ҳатто, Ташқи ишлар вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан бирлаштирилиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар болалади. 

Комиловнинг ўрни бўш. Вазир тайинланмаган. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Владимир Норов Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди ва унга идорани бошқариш топширилди. 

Хўш, ким ўзи Владимир Норов. Унинг Ўзбекистон дипломатиясида қандай ўрни бор? 

Юридик фанлар номзоди ҳисобланмиш Владимир Имамович Норов 1955 йил 31 августда Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири – Бухорода туғилган. 

Таълим

1972-1976 йилларда – Бухоро педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети)нинг математика факультетида таълим олиб, бакалавр даражасини олган.

1985 йилда СССР Ички ишлар вазирлиги академияси (Москва) ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлимининг ҳуқуқшунос-ташкилотчиси мутахассислиги бўйича, 1990 йилда эса СССР Ички ишлар вазирлиги академиясининг аспирантурасини тамомлаган. 

1990 йилда “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида участка милиция инспекторларининг меҳнат жамоалари, жамоат бирлашмалари ва аҳоли билан ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари: Ўзбекистон ССР материаллари асосида” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Меҳнат фаолияти

1976-1977 йилларда Совет армияси сафларида ҳарбий хизматни ўтаган. 

1978-1992 йилларда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида турли лавозимларда;

1992 йилдан — Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг маъмурий-ҳуқуқий масалалар бўйича эксперти, 1993 йилдан — маслаҳатчи;

1995-1996 йилларда – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, биринчи ўринбосари;

1996-1998 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг давлатлараро муносабатлар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

Давлат маслаҳатчиси лавозимидан сўнг Владимир Норов дипломатик фаолият билан шуғулланган. 

Хусусан, 1998-2003 йилларда Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлган. 

2002-2003 йилларда – Ўзбекистоннинг Швейцария Конфедерацияси ва Польша Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси; 

2003-2004 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари;

2004-2006-йилларда – Ўзбекистон Республикасининг Белгиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқи ва НAТОдаги дипломатик миссияси раҳбари;

2006-2010 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири;

2010-2013 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари;

2013-2017 йилларда – Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатлари (Белгия, Нидерландия ва Люксембург)даги элчиси, Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқи ва НAТОдаги дипломатик миссияси раҳбари;

2017-2018 йилларда – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори;

2019 йил 1 январдан 2021 йил 30 декабргача – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби;

2021 йил 30 декабрдан – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаган. 

Норовнинг Ташқи ишлар вазири этиб тайинланиши (2006 йил) халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг инқирозли даврига тўғри келган. Шу даврда Ғарб давлатлари 2005 йил 13 май куни содир бўлган “Aндижон воқеалари” туфайли Ўзбекистонга жуда кўплаб иқтисодий ва сиёсий санкциялар (жумладан, қурол-яроғ эмбаргоси)ни жорий этган. Aйнан Норовнинг вазир сифатида тайинланиши оқибатида Европа Иттифоқи ва НAТО томонидан Ўзбекистонга жорий этилган санкциялар бирин-кетин олиб ташланган. 

Ўз навбатида, Норов даври Европа Иттифоқи билан муносабатларда Ўзбекистон тенг ҳамкор давлат сифатида кўрилиши билан ҳам эсланади. Ўзбекистон (собиқ) Ташқи ишлар вазири Владимир Норов 2009 йил 14 сентябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича комиссари Бенита Ферреро-Вальднер билан учрашганида қуйидаги жумлаларни таъкидлаб ўтган: 

“Яна бир бор эслатиб ўтмоқчиманки, Ўзбекистон делегацияси бу ерга ҳисоб бериш учун келмаган, яъни Европа Иттифоқи вазиятни назорат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Биз тенг ҳуқуқли ҳамкорлар ўртасидаги мулоқотда, яъни умумий манфаатларга эга бўлган мулоқот тарафдоримиз”.

Бир пайтлар Ўзбекистоннинг Ғарб мамлакатлари билан муносабатларида “муз”ни эритган Владимир Норов, энди 2022 йил 28 апрелдан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи мақоми остида бугунги дунёда юзага келган кескин сиёсий вазиятда яна Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.