Хорижий тилларда эфирга узатиладиган телерадиоканаллар ташкил этилмоқда

Улашиш:

«Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори (312-сон, 19.05.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази фаолияти тугатилди.

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ҳузурида таълим ташкилотларининг хорижий тиллар педагогларининг малакасини ошириш бўйича мобил гуруҳлар ташкил этилади.

Мобил гуруҳлар, энг аввало, олис ҳудудларда жойлашган ёки хорижий тилларни ўқитиш бўйича кўрсаткичи паст бўлган таълим ташкилотлари ўқитувчиларининг малакасини оширишга жалб этилади.

Қарорга мувофиқ, негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этиладиган умумий ўрта таълим муассасалари (207 та) ҳамда уларга бириктирилаётган олий таълим муассасалари рўйхати тасдиқланди.

Хорижий тиллар бўйича ўтказиладиган республика олимпиадаларида иштирокчиларнинг 4 та кўникмасини (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) баҳолаш тартиби жорий этилади.

2022-2023 ўқув йилидан танланган умумтаълим мактаблари 4-синф битирувчилари, 2024-2025 ўқув йилидан эса 9-синф битирувчиларининг хорижий тилларни билиш даражасини аниқлаш бўйича махсус синов ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар)да очиқ танлов ўтказилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан камида 2 нафар инглиз тили ўқитувчилари ва бир нафар бошқа хорижий тил ўқитувчиси хорижий давлатларга қисқа муддатли малака оширишга юборилади.

2021 йил якунигача ОТМларда давлат-хусусий шериклик асосида ўқитувчи ва талабаларга хорижий тилларни ўқитиш марказлари (курслари) ташкил этилади.

Шунингдек, 24 соат давомида хорижий тилларда эфирга узатиладиган теле ва радиоканаллар ишга туширилади. Бунда ҳар куни камида 3 соатлик дастур хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.