Жиззахда болаларни МТТга қамраб олиш даражаси 75 фоизга етди

Улашиш:

Мактабгача таълим муҳим босқич. Шу боис юртимизда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш, болалар қамровини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган 2021 йил бошида Жиззах вилоятида 3-6 ёшли болалар сони 117 минг 363 нафар бўлиб, улардан 76 минг 253 нафари 990 та МТТга қамраб олиниши натижасида қамров даражаси 65 фоизни ташкил этган эди. Соҳадаги ислоҳотлар натижасида 15 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 6 та давлат хусусий шерикчилиги асосидаги ва 307 та оилавий нодавлат боғчалар ташкил этилди. Натижада 9 651 нафар болажон мазкур таълим ташкилотларига қамраб олиниб, қамров даражаси 75 фоизга етказилди. 

Болалар қамровини ошириб бориш билан бир қаторда, ментал арифметика тўгарагига алоҳида эътибор қаратилиб, аксарият давлат мактабгача таълим ташкилотларида машғулотлар ташкил этилди. 

Тизимда фаолият юритаётган педагогларнинг салоҳиятини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида тизим ходимлари ўртасида “Билимдон” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Бундан ташқари, ҳар бир ой турли мавзуларга бағишланиб, ёш авлоднинг билимларини бойитиш мақсадида турли тадбирлар ва очиқ машғулотлар, танловлар ўтказиб келинмоқда.   

“Фан ва экология”, “Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш” ойликлари қизиқарли ва янгиликларга бой бўлди. Вилоятдаги ҳар бир мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва тизимда фаолият юритаётган педагогларнинг хорижий тилларни ўрганишини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги чет тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги Жиззах вилоят ҳудудий вакиллиги билан меморaндум имзоланди. Бундан ташқари, барча туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари қошида ташкил этилган иккинчи тил ўқитувчилари услубий бирлашмалари фаолияти самарали ташкил этилди. Ҳар бир туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари томонидан тарбияланувчилар ўртасида турли танловлар, мусобақалар, иккинчи тил ўқитувчилари ўртасида “Энг яхши интерфаол машғулот”, “Энг фаол иккинчи тил ўқитувчиси” каби танловлар ўтказилди. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан ҳар бир туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари томонидан ҳудуддаги биттадан мактабгача таълим ташкилотининг кичик гуруҳи танланиб, тажриба-синов тариқасида хорижий тилга ихтисослаштирилди. 

Бундан ташқари, давлат, давлат хусусий шерикчилиги асосидаги ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидаги педагогларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида тренерлар ва таянч мактабгача таълим ташкилотлари томонидан методик ёрдам кўрсатилмоқда ва семинарлар ташкил этилмоқда. 

Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимиз келажагимиз бўлган болажонларимизни комил инсон қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.  

Феруза Солиева, 
Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.