Қозоғистонлик майнерлар солиқлар сабаб Ўзбекистонга кўчиб ўтиши мумкин

Улашиш:

Қозоғистонлик майнерлар солиқлар сабаб Ўзбекистонга кўчиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда «Forbes.kz»да эълон қилинган мақолага таяниб Spot хабар берди.

Қозоғистонда жойлашган майнинг фермалари ва дата-марказлари қўшимча солиққа тортилиши мумкин — рақамли майнинг учун истеъмол қилинган 1 киловатт/соат электр энергияси учун 1 тенге миқдорида.

Шу орқали мамлакат бирданига бир неча мақсадга эришмоқчи: майнингни назорат қилиш ва қонунчилик даражасида криптовалюта олишни рағбатлантириш, бюджет тушумларини ошириш, фермалар томонидан назоратсиз электр энергияси истеъмолини қисқартириш.

Қозоғистон Блокчейн ва дата-марказлар индустрия миллий ассоциацияси президенти Алан Жоржиевнинг маълум қилишича, янги солиқнинг пайдо бўлиши муаммо ҳисобланади, чунки пул тиккан инвесторлар объектлар қуради, жиҳозлар сотиб олади, хусусий электр станциялар билан электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартномалар имзолайди.

Эндиликда иккита бозор субъекти ўртасида имозланган шартномага мувофиқ қўшимча 1 тенге ҳам тўлашга тўғри келади.

Прагматик хорижий инвестор мамлакатда қўшимча тўловга оид қонунни икки ой ичида тасдиқлатиш мумкинлигида хатарни кўради.
«Ва инвестор бир йилдан кейин қўшимча 5 тенге, икки йилдан сўнг 10 тенге ва ҳоказони кутади. Кейин эса бошқа мамлакатга инвестиция киритишга қарор қилади», — дея бозор иштирокчисининг эҳтимолий ҳаракатига изоҳ беради Жоржиев.

Ҳозирда Қозоғистоннинг ушбу соҳани ривожлантириш бўйича минтақавий рақобатчиси Ўзбекистон ҳисобланади.
«Ўзбекистон инвесторларга мамлакатда ушбу соҳанинг ривожланишида жиддий афзалликлар ва истиқболларни ваъда қилган ҳолда криптовалюта ҳамда майнинг фаолияти тўғрисидаги қонунларни пухта ишлаб чиққан ва тасдиқлаган. Кўплаб локал майнерларнинг фикрича, Ўзбекистон Россия ёки Қирғизистонга қараганда анча жозибадор мамлакат ҳисобланади», — дейди спикер.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг баҳорида Ўзбекистонда майнерларга электр энергия учун оширилган тарифлар бўйича тўлов қилиш шарти қўйилганди. Аммо майнинг билан шуғулланувчи истеъмолчиларни аниқлаш ва уларга ушбу тарифни қўллаш тартиби ишлаб чиқилмади.

Майнерларни мажбурий аъзоси бўлиш шарти билан Uzbekistan Cryptocurrency Mining Pool майнинг-пулни яратиш орқали легаллаштириш режалаштирилганди, аммо тегишли ҳужжат ҳали қабул қилинмади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.