Жиззах вилояти ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма бешинчи сессияси онлайн тарзда ўтказилди

Улашиш:

Жиззах вилояти ҳокимлигида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма бешинчи сессияси онлайн тарзда ўтказилди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, секторлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Сессияни Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Эркин Холматов олиб борди.

Сессияда дастлаб, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили давлат дастурида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳар ва туман марказларини ободонлаштириш, аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада яхшилаш, электр тармоқларини модернизация қилиш, табиий газ ва электр энергиясини етказиб беришда ҳисоб-китобнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш борасида белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бахром Назаровнинг ахбороти тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош директори Бахтиёр Ибрагимов ва вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фурқат Жўрақуловнинг ёшлар муаммоларини ҳал этилишига кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Сессия кун тартибидан ўрни олган, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги фаолияти, вилоятнинг ташқи савдо айланувидаги импорт товарлари таҳлили бўйича вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижалари муҳокама этилди.

Шунингдек, “Ҳудудгаз Жиззах” МЧЖ раҳбари Бахтиёр Обруевнинг “Табиий газ назорати ва хисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, Бахмал, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларидаги айрим аҳоли пунктларини қайта номлаш, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг айрим депутатларининг ваколатини муддатидан олдин соқит қилиш ҳамда вилоят маҳаллий бюджетидан маблағ ажратиш каби масалалари кўриб чиқилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.