Ўзбекистонда вакцина олган 11 киши коронавирусга чалинди

Улашиш:

Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов одамлар орасида тарқалган “коронавирусга қарши вакцина олса ҳам касалланиш мумкинлиги” ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди. Унинг айтишича, даволанаётган 11 нафар бемор айнан биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган, деб хабар бермоқда https://qalampir.uz/  сайти.

“Ҳозирда олинаётан барча вакциналар коронавируснинг мавжуд штаммларидан ҳимоя қила олади. Энг асосийси, COVID-19 га қарши эмланиш касалликнинг нохуш ва оғир асоратларидан асрайди. Тўғри, айрим ҳолларда вакцина олгандан кейин ҳам касалланиш мумкин, бироқ бу ҳолат асосан вакцинациянинг фақатгина биринчи босқичидан ўтган, яъни уни белгиланган тартибда тўлиқ олмаган инсонларда кузатилади.

Хусусан, айни пайтда шифохонамизда даволанаётган 11 нафар бемор айнан биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган бўлиб, уларнинг иммун тизимида нейтралловчи антитаначаларнинг (Nab) титри ҳали тўлиқ шаклланмаган даврда касалланиш юз берган. Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам бундай беморларда хасталик енгил ва симптомларсиз ўтади. Яъни, оғир асоратлар ва ўлим ҳолатига олиб келмайди”, дейди у.

Ҳусановнинг таъкидлашича, коронавирусга қарши иммунитет вакцинанинг иккинчи ёки учинчи дозасидан сўнг, 3 ҳафта давомида шаклланади. Шу даврда эмланган инсон ўзини шахсий муҳофаза қилиши ўта муҳимдир. 

Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда AstraZeneca (CovieShield), “Спутник V” ҳамда ўзбек-хитой вакциналаридан фойдаланилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.