Диёр Имомхўжаев: Камида Қатар сарфлаётган пулларга эга бўлишимиз керак

Улашиш:

 Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев чемпионат учрашувларининг трансляцияси ҳақида тўхталиб ўтди.

- Футбол учрашувларини трансляция қилаётганларни танқид қилиш мумкин. Аммо саволни бошқачароқ қўйиш таклифини берган бўлардим.
Мен билган камерачилар, режиссёрлар бир неча йиллардан буён фаолият олиб боради. Бир неча йиллардан буён ё ёмғир остида ёки қуёш нурида меҳнат қилади. Лекин уларнинг савия ва маҳоратини ошириш учун қандай ишлар қилинди?

Уларга хорижий телеканаллар ва трансляцияларни ўрганиш, фикр алмашиш имконияти яратилдими? Футбол учрашувларини намойиш қилаётган кўчма телевизион станциялар қачон харид қилинган, бугун биз қайси техника билан ишлаяпмиз ва жаҳон нимани афзал биляпти? Битта учрашувда нечта камерадан ишлашга имконимиз бор?

Яхши ва сифатли трансляция жуда катта маблағ талаб қилади. Бизда КТСлар сони саноқли, каттароқ байрам ёки тадбир ташкил этилса, футбол автоматик равишда учинчи ёки тўртинчи планга тушади ва бу нормал ҳолат. Чунки техникалар сони чегараланган. Ҳозирги шароитда трансляциялар ҳам, VAR ҳам ҳаминқадар тизимда ишлаяпти, биз ҳаммадан ортда қолиб кетмаслик ҳаракатидамиз.

Ҳаммага етиб олиш ёки улардан ўтиш учун камида Қатар сарфлаётган пулларга эга бўлишимиз керак. Кечирасиз-у, биз бунга тайёр эмасмиз. Биз шу даврда тизимли муаммоларимизни биргаликда тан олиб, ҳаваскорлар режимига тушишдан ийманмай, шу йўл орқали тўғри йўналишга ўтиб олишимиз керак.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.