«Қинғир ишнинг қийиғи албатта чиқиши керак». ПФЛ директори «Локомотив» атрофидаги можаролар ҳақида

Улашиш:

Букмекерлик компанияси Тошкентнинг «Локомотив» клуби ва унинг сардори Кахи Махарадзени келишилган ўйинларда иштирок этишда айблагани борасида ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев муносабат билдирди.

«Қинғир ишнинг қийиғи албатта чиқиши керак. Бир неча кун давомида асосий мавзу «Локомотив» ва Кахи бўлиши шубҳасиз. Сиздирилган маълумот ЎФА инспекциясини ҳайратга солаётгани йўқ, чунки йиғилиб келаётган яна бошқа маълумотлар, ишлар бор. Футбол тозаланиши керак ва ЎФА инспекцияси шунинг ҳаракатида. 

Ишонаманки, вақти билан машҳур ҳакамлар ва футболчиларнинг ҳам бир неча йиллар аввал қилган ишлари ҳам очилади. Халқ ўз қаҳрамонларини билиши керак. Ёш авлод эса ҳар қандай ножоиз иш шунчаки қолиб кетмаслигини ҳис қилиши шарт», - дея ёзади телеграмдаги каналида Диёр Имомхўжаев. 

Эслатиб ўтамиз, ўзини 188Bet букмекерлик компанияси назоратчиси сифатида таништирган шахс Ўзбекистон футбол ассоциацияси, футбол ташкилотлари, ОАВ ва клубларга жўнатган хатида «Локомотив» клуби ва унинг сардори Кахи Махарадзенинг келишилган ўйинда қатнашганини иддао қилиб, бир қатор далилларни келтирган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.