АИ-80 бензини сотилмасдан сақланган бир қатор АЁҚШларга чора кўрилди

Улашиш:

Айни пайтда АИ-80 маркали автобензинга бўлган талабнинг ошиши сабабли кўплаб ёқилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) навбатлар сезиларли даражада кўпайди. Бу ҳолат жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлди ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» томонидан махсус назорат тадбирлари ўтказилди.

Назорат давомида Андижон вилоятидаги қатор АЁҚШларда қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Жумладан, «Н.П.», «Н.О.», «Л.Г.», «С.О.» ва «Ш.А.О.» МЧЖларга қарашли шохобчаларда биржа савдоларида харид қилинган АИ-80 автобензини ҳеч қандай асоссиз сотувга чиқарилмаган ва сақлаб турилгани маълум бўлди. Шунингдек, айрим шохобчаларда фаолият тўхтатилган ҳолда ёқилғи тарқатишга йўналтирилмагани қайд этилди.

Мазкур қоидабузарликлар туфайли ушбу АЁҚШларнинг биржа савдоларида иштирок этиши вақтинчалик тўхтатилди. Шу билан бирга, бензин тақчиллигини бартараф этиш ва фуқароларни узлуксиз ёқилғи билан таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.

Мутасадди органлар аҳолини қийинчиликка солувчи бундай ҳолатларга қарши қатъий чоралар кўришини ваъда қилмоқда. Назорат тадбирлари мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.