Шувоқ коронавирусга қарши яхши самара бериши аниқланди

Улашиш:

Фото: «Britannica»
Бутун дунёда COVID-19га қарши вакцинация кетмоқда, бироқ бу касалликдан даволовчи биронта дори ҳали яратилмаган. Аммо изланишлар бор. Масалан, Дания ва Германия тадқиқотчилари аниқлашларича, бутун дунёда кенг тарқалган шувоқ ўсимлиги (бир йиллик тури) таркибидаги артемизинин бирикмаси коронахавфсизликни таъминлашга номзод.

Тўғри, шувоқ таркибидаги бирикма вирусга қарши қалқон бўлар даражада кўп эмас, яъни вирус организмга тушганидан сўнг унга қарши курашишда ёрдам бериши мумкин. Шунга қарамай, мазкур тадқиқотнинг ўзиёқ артемизинин асосида коронавирусдан даволовчи дорилар яратиш мумкин, деган умид бағишлайди.

Ҳозирча клиник синовлар давом этяпти, натижалари «Scientific Reports» журналида чоп этилган.

Хитойлик доришунос, кейинчалик Нобел мукофотини қўлга киритган Ту Юю шувоқ таркибидан безгакка қарши энг кучли восита — артемизининни ажратиб олганидан сўнг, ўтган асрнинг 70-йилларидан бу ўсимликнинг фармацевтик қиймати ошиб кетди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2016 йилда 91 мамлакатда 216 миллион киши безгакдан азият чеккан. Шундан 445 мингта ҳолат ўлим билан якун топган. Ҳануз ушбу касалликка қарши курашишда энг арзон ва самарали восита артемизинин асосидаги комбинацион даволаш бўлиб қолмоқда. Қолаверса, бу ўсимлик саратон, сил ва диабетдан даволанишда ҳам қўлланилмоқда. Аммо афсуски, шувоқ баргларида даво хусусиятига эга модда жуда ҳам оз — қуритилган массасининг 1 фоизидан ҳам ошмайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.