ДХХ “ов”дан йирик “ўлжа”лар билан қайтмоқда

Улашиш:

Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида фуқаронинг ишончига кириб, унга 42 млн сўмга ер олиб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.Қ. фуқаро Ш.нинг ишончига кириб, унга Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 0,24 гектар ер майдонини олиб беришни ваъда қилиб эвазига 42 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ерларни ноқонуний йўл билан сотиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида бундан аввал ҳам хабарлар тарқатилган эди.

Хуршид  Далиев ҳам анча вақтдан буён айнан мана шу муаммо юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини доимий билдириб келмоқда.

Журналист ўзининг телеграмдаги саҳифасида 26 май куни Қарши шаҳар ҳокими устидан келган “Ер сотиш синдроми” билан боғлиқ мурожаатни эълон қилган эди.

Худди шу куни шу муаммо билан боғлиқ Самарқанддаги ҳолат ҳақида ҳам хабар берган.

Тошкент вилоятида ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар кафолатларининг таъминланиши ўрганилганда 9 минг 614 та ҳолатда 1618 га. ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги ҳақидаги хабар ҳам шулар жумласидан.

Шунингдек, таҳририятимиз ҳам Андижонда қабристон ерларининг сотилиши билан боғлиқ видеолавҳани эълон қилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.