Жиззах вилоятида тадбиркорларнинг рақобат қонунчилиги соҳасидаги билим ва хабардорлигини ошириш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилди.
Семинарда иштирокчиларга рақобат муҳитини такомиллаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, назорат қилувчи органларнинг ваколатлари ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалдаги ҳуқуқий асослар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Тадбирни бошқарма бошлиғи ўринбосари Алишер Асатуллаев очиб берди. Шунингдек, тадбирда Жиззах вилоятида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспектори Сардор Усмонов ҳамда Истеъмол бозорларида нархларни назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Олим Қулматов маъруза билан иштирок этди.


Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сонли “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти, ушбу фармон билан тадбиркорларга яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг асосий йўналишлари, рақобат муҳитини таъминлашда ҳудудий бошқарманинг роли ва ваколатлари ҳам иштирокчиларга тушунтирилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзи қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда амалиётга оид тавсиялар билан таъминланишди.