Ғаллаороллик тадбиркор Саҳобиддин Муродов туман ҳокимлиги билан судлашмоқда. Асосий масала тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган ер масаласида. Суд қарорига асосан ҳукм туман ҳокимлиги фойдасига ҳал этилган. Тадбиркор қарордан норози бўлиб апелляция шикояти берди. Суд мажлиси 13-август куни бўлиб ўтади.
- 2019-йилда ўтган сайёр қабулда ер ажратиш бўйича прокуратура органларига мурожаат қилганман, - дейди тадбиркор С.Муродов. - Масъуллар кўмагида туман марказидан ер ажратиб берилган. Шундан сўнг, туман марказида қатор ўзгаришлар бўлиб, янги икки қаватли бинолар кўтарила бошланди. Мен ҳам икки қаватли бино қурдим. Барча ҳужжатларини тайёрладим. 2023-йилда эса туман ҳокимлиги ушбу ерга даъво қила бошлади. Биринчи судда ютқаздим. Лекин ҳозирда апеляция суди бўлишини кутяпмиз.
2-август куни Бизнес омбудсман, вилоят солиқ бошқармаси ва бошқа ҳамкорлар томонидан ташкил этилган учрашувда тадбиркор Саҳобиддин Муродов сингари ўнлаб тадбиркорларнинг муаммолари тингланди.
Анъанага кўра, ҳар йили 20-август куни Президент мамлакатнинг етакчи тадбиркорлари билан мулоқот ўтказади. Мулоқотдан олдин эса жойларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони, вилоят солиқ бошқармаси, Марказий банк, туман ҳокимлиги ҳамкорлигида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 30-майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-200 сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ғаллаорол тумани маданият марказида навбатдаги учрашув ташкил этилди.
Тадбирда қонунчиликка амал қилиб ишлаётган тадбиркорларни аниқлаш ва рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилганлиги, тадбиркорлар рейтинг доирасида 4 та тоифага ажратилиб, шунга мос равишда рағбатлантирилаётганлиги юзасидан тушунчалар берилди.
Мулоқот давомида 15 дан ортиқ тадбиркорларнинг мурожаатлари эшитилди ва ечими бўйича тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. Шунингдек, тизимли муаммолар рўйхатга олиниб, тегишли идораларга йўналтирилди. Асосан банк кредити олиш, суд-ҳуқуқ масалалари, кадастрга оид мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар бериб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилаётган учрашувларни ташкил этилиши ҳамда учрашувлар давомида тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан билдирилган масалаларнинг қонуний ҳал этилиши Бизнес-омбудсман девонининг вилоят шўъбаси ҳамда вилоят сектор раҳбарлари томонидан назорат қилинади.
Вилоят солиқ бошқармаси масъул бўлган 4-сектор ҳудудларидан ўтган ойда шундай учрашув Бахмал туманида бўлиб ўтган эди. Яқин кунларда Фориш тумани тадбиркорлари билан учрашув ташкил этилиши режалаштирилган.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони тадбиркор Саҳобиддин Муродов масаласининг қонунийлигини ўрганиб чиқиб, апеляция суди жараёнида унинг манфаатини ҳимоя қилиш борасида кўмак берилиши маълум қилинди.
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати