Мурод Ражабовнинг сўнгги сўзлари

Улашиш:

Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино актёри Мурод Ражабов 74 ёшда ҳаётдан кўз юмди. Унинг ўзбек санъатида қолдирган изини эътироф этмай иложимиз йўқ. Актёр ранг-баранг қаҳрамонлари орқали ўзбекнинг ҳар бир хонадонига кириб борган эди. Жиддий образлари билан бирга комик роллари миллионлаб мухлисларга завқ-шавқ, қувонч улашарди. Санъатимиз дарғалари, театр ва кино вакиллари, ҳамкасблари Мурод Ражабовни шундай хотирладилар.

Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон халқ артисти:

– Мен Мурод Ражабовни вафотидан сал аввал бориб кўрган эдим. Ғанимат кунлар экан. Реанимацияда ётганида ҳеч кимни олдига қўйишмаётганди. Мен кирдим.

Мурод, қалам-қоғоз беринглар, дегандек бўлди. Ёнидагилардан сўрасам, уйга кетмоқчи эканлигини айтишди. «Мурод, сен шу ерда даволанишинг керак, оғайни, укажоним», дедим. Йиғлади. Менинг ҳам кўзимдан ёш оқди. Шу, бошқа гап йўқ. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

Зулфиқор Мусоқов, кинорежиссёр:

– Ўзбекистон халқ артисти, зўр актёр... У кишини танимаган одам йўқ. Мен «Кичкина табиб»даги Шуҳрат ака ролини аниқ Мурод акага бағишлаб ёзган эдим. Ҳеч қачон танлов ўтмаган.

Мен учун оғир жудолик. Сафдошларим бу дунёни бирма-бир тарк этишмоқда. Ҳусан Шарипов, Обид Юнусов, Диас Раҳматов... Мен суйган, ҳурмат қилган актёрлар, афсуски, оз қолди. Раҳматли бўлганлари кўпроқ. Мурод аканинг оиласига сабр тилайман, ўзларини сақлашсин. Ҳаёт шу экан, биз нимаям қила олардик! Ҳаммамизнинг борадиган жойимиз бир! Шахсан мен учун Мурод ака, инсон, ижодкор сифатида абадий қолади. Охирги кунимгача у кишини эслайман. Ўйлайманки, бизнинг ватанимиз яна бир халқ бойлигини йўқотди. Уларнинг ўрнини тўлдирадиган одам йўқ. Ҳар бири бетакрор, ўзбек кино санъати, театр санъати юлдузлари эди. Мен ҳалигача ўзимга келолмаяпман.

Саида Раметова, актриса:

– Худо раҳмат қилсин. У киши устозим. Жуда чиройли умр кўрдилар. Бир эркакка қанча бахт, омад, санъат йўлида қанчалик ютуқларга эга бўлиш керак бўлса, менинг назаримда, Мурод ака ҳаммасига эришди. Жуда бахтли актёр, севимли ёр, ҳурматли ота эдилар. Биз, шогирдлари учун қадрли устоз эдилар. Театрда ишлаганларида минглаб роллар ижро этди. Кинода, сериалларда чиқди.

Мен театрда илк бор «Отасининг қизи»ни ўйнаганимда отамни Мурод Ражабов ижро этган. Шу ролимдан кейин танилганман. Кейин кинода чиқа бошладик. Мурод ака билан бир гал синглиси, бир гал қизи бўлиб жуда кўплаб фильмларда ўйнадим. Кейин-кейин аёли бўлиб роллар ижро этдим. Менга ҳар доим ўргатиб турардилар. Кинода қандай ишлаш, камерага қай тарзда қараш кераклигини, нимани ошириб юбормаслик, нимани камайтирмасликни жуда кўп ўргатган. (Овози титраб) Оила аъзоларига, аёлига, қизларига куч, сабр берсин, дейман, таъзиямни билдираман. Устознинг охирати обод бўлсин. Биз, ҳамма шогирдлари дуо қиламиз. Бундай актёрлар юз йилда бир келади. У киши бу ҳаётда ўзига ҳайкал қўйиб кетди, деб ўйлайман.

Мурод акани касали энди бошланганда кўрган эдим. Анча гаплашганмиз. «Саида, сен ҳам касал бўлиб тузалдинг», – дедилар. Жумадулла акани сўрадилар. Яқинда, бир ойча аввал Мурод ака иккаламизни реклама, клипга таклиф қилишди. Аммо у киши рад этибди. Қўнғироқ қилдим. «Мурод ака, мен билан бирга роль ижро этгингиз келмаяптими, устоз?» – деб сўрадим. «Саида, соғлиғим яхши эмас. Оёғим жудаям оғрийди. Сен бошқача тушунмагин», – деди у киши.

Вафоти ҳақида эшитиб, алланечук бўлдим. Ҳар бир инсон узоқ яшашни хоҳлайди-да! Ўзимга-ўзим айтдим: Рамазоннинг энг яхши кунларида Аллоҳ чин уйга чақирибди, охиратлари обод бўлсин, дедим. Жудаям бахтли инсон, яхши яшадилар. Бугунми, эртами, ҳаммамиз бу дунёни тарк этамиз. Аммо тарк этганда мана шундай чиройли, одамлар эслаб қоладиган ўлим топайлик. Буям катта бахт! Демак, Мурод ака Аллоҳнинг суйган бандаси, жойлари жаннатда бўлсин.

Карим Мирҳодиев, актёр:

– Мен Мурод акани санъаткор сифатида ўзимга энг яқин деб билардим. Биз биргаликда кўп ишлаганмиз. «Кичкина табиб»дан ташқари талай фильмларда, Россия картиналарида ҳам роллар ижро этдик. Кинодан ташқари театрда ҳам елкама-елка ишлаганмиз.

Мурод акани охирги марта уйларига бориб кўргандим. Янги йил киришидан олдин эди. У киши оёққа туролмаганди. Анча суҳбатлашдик. Шунда Мурод ака кўзимга узоқ тикилиб туриб, бир гапни айтди. Узоқ тикилиб, «Санъат ўлди», деди. Шуиинг учун ҳозир бошқа ҳеч қандай изоҳ, сўз, кўргазмали гапларнинг кераги йўқ, деб ҳисоблайман. Бу менинг шахсий фикрим. Менинг позициям. Менинг бу одамга улкан, чексиз ҳурматим. Катта йўқотиш бўлди. Жойлари жаннатда бўлсин.

Зуҳра Ашурова, актриса:

– Мен Мурод аканинг тузалиб кетишларига ишониб юргандим. Ҳали ёш эдилар. Мана, ҳозир ҳаммамиз биргамиз, съёмкадамиз. Жавоҳир Зокиров ёнимда, ҳайрон бўлиб ўтирибмиз. Мурод ака билан бирга ижод қилганмиз. Бундай иқтидор эгалари камдан-кам келади. У киши ўзбек санъатида ўзининг ҳақиқий изларини қолдирди. Кинода ҳам, театрда ўзгача актёр бўлганлар. Халқ ҳар бир ролларини кўрарди.

Мурод ака бетоб бўлганида, бир такси ҳайдовчиси мендан у кишини сўрагани эсимда: «Опа, Мурод Ражабовнинг уйи қаерда? Мен бир мухлис сифатида бориб, чопон кийдириб келмоқчи эдим. Бу актёрни жудаям ҳурмат қиламан», деганди. «Худо хоҳласа, тузалиб, ишга чиқиб қоладилар», дедим мен. Негадир Мурод аканинг ишлаб кетишларига ишончим комил эди. Санъатга қайтади, деб ўйлагандим. Оғир бетобликларини билсангиз ҳам умид қиласиз экан. Нохуш хабар эшитамиз, деб хаёлимизга келгани йўқ. Хафа бўлиб қолдик. Илоҳим, охиратлари обод бўлсин!

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.