Мурод Хонтўраевнинг ўлимида айбдор топилди

Улашиш:

Мурод Хонтўраев вафот этган автоҳалокат бўйича очилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилди. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилганди.

2021 йилнинг 19 июл куни Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти, ММА жангчиси Мурод Хонтўраев 33 ёшида мудҳиш автоҳалокат сабаб вафот этган эди.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси Мурод Хонтўраев ЙТҲ оқибатида вафот этгани, у билан бирга бўлган ёки ЙТҲнинг бошқа иштирокчиларига ўртача, оғир жароҳат етмагани ҳамда ўлим ҳолати кузатилмагани сабабли спортчининг ўзи айбдор деб топилди. Айблилик масаласи бўйича Мурод Хонтўраев Йўл ҳаракати қоидаларининг 3, 4, 73, 77 ҳамда 79-бандларини бузган.

Хонтўраевнинг ўзи автоҳалокат натижасида вафот этгани туфайли ва ишда жиноят таркибий элементлари мавжуд бўлмагани инобатга олиниб, олиб борилган дастлабки тергов якунига кўра, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Мурод Хонтўраев вафоти юзасидан қўзғатилган жиноят иши 2021 йилнинг 30 сентябр куни Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.

ЙТҲ иштирокчиси бўлган Gentra русумли автомобилига етказилган зарар Хонтўраевнинг BMW машинаси суғуртасидан қопланади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 19 июль куни соат 11:30 ларда, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган «Lacetti» ҳамда «BMW X5» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида «BMW X5» русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Натижада, «BMW X5» русумли автомобил ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган Мурод Хонтўраев воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобил йўловчиси Жасур Анорбоев тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.