Ўзбекистон журналистлари учун ахборот манбалари: инсон ахборот манбаи сифатида

Улашиш:

Ахборот манбалари тизимида инсон – асосий бўғиндир. Бир томондан, у мамлакат ва дунёда содир бўлаётган воқеаларнинг гувоҳи ёки иштирокчиси сифатида наф келтириши мумкин. Бошқа томондан эса, у ўзи ҳақида, ички ҳис-туйғулари, дунёқараши ҳақидаги маълумот эгаси ҳисобланади. У аксарият ҳолларда бошқалардан олинган маълумотнинг узатувчиси ҳамдир.

Инсоннинг ахборот манбаи сифатидаги ўзига хос хусусияти шундаки, у журналистга маълумот бериши ёки бермаслиги мумкин. Журналист инсонни гапиртира олиши керак.

Қандай қилиб инсондан маълумот олиш мумкин?

Инсондан ахборот олиш воситалари интервью, оммавий интервьюлар ва сўровномалар, шунингдек, кузатув ва экспериментлардир.

Интервью – журналист ўрганаётган мавзуга қайсидир маънода тааллуқли бўлган одамлар билан бевосита мулоқотдир. Журналист мулоқотга тайёргарлик кўриши, интервью бошлашда қандай маълумотларга таяниши мумкинлигини билиши лозим: фактик маълумотлар, маълум мавзудаги билим, муайян масала бўйича баҳо бериш ёки фикр билдириш, тушунтириш ёки шарҳлар, таклиф ёки прогнозлар.

Журналист билиши керакки, ҳар бир ахборот манбаининг ўзига хос имконият ва чегаралари мавжуд. Интервью эса энг субъектив маълумот манбаи ҳисобланади. Бирор ҳодисанинг гувоҳлари турли инсонлар бўлиб, улар бир хил воқеа ҳақида турли позициядан ҳикоя қилиб беришади, кўпинча ҳатто қарама-қарши фикрлар билдиришади. Бошқа томондан, бу журналист ва унинг ўқувчилари учун муаммога бошқача қараш, воқеага бошқа нуқтаи назардан баҳо бериш имкониятини беради.

Оммавий сўровнома – бу муайян масала бўйича жамоатчилик фикри, жамоатчилик онгининг ҳолати, жамоатчилик амалиёти тўғрисида маълумот олиш усули. У кўплаб одамларнинг оғзаки ёки ёзма суҳбатига асосланади. Олинган маълумотларнинг ишончлилиги учун саволлар тўғри тузилган бўлиши керак. Журналистлар ҳозирда телефон ва интернет сўровларидан кўпроқ фойдаланмоқда. Бу ерда суҳбатдошнинг ишончини қозониш ва эътиборини сақлаб қолиш учун журналистдан хушмуомалалик ва ҳалоллик талаб этилади.

Кузатув ёрдамида журналист ташқарида содир бўлаётган воқеаларнинг моҳиятини ифодаловчи маълумотларни олиши мумкин – бу, гўё вазиятни, қаҳрамонларнинг ташқи кўринишини, нутқини, имо-ишораларини “кўз билан ўқиш” кабидир.

Очиқ кузатувда журналист шу ерда эканини яширмайди, яширин кузатувда эса ўз фаолияти ва суриштирувнинг асл мақсади ҳақида хабар берилмайди.

Тажриба – бу экспериментал омилга реакцияни аниқлаш орқали маълумот олиш усули. Бу усул қиммат ва камдан-кам ҳолларда қўлланилади.

Бугунги кунда қонунчиликда журналистларнинг давлат органлари ва ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан ахборот сўраш ва олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилгани замонавий журналистнинг иш фаолиятини сезиларли енгиллаштиришга хизмат қилмоқда.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига мувофиқ: давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари қуйидагилардир:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг хабарлари;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтларининг материаллари;
  • оммавий ахборот воситаларининг материаллари.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.