Интервью санъати

Улашиш:

Интервью – журналистикдаги энг муҳим воситалардан бири. Ҳақиқатан ҳам яхши журналист бўлиш учун интервью олиш маҳоратини санъат даражасига кўтариш керак. Aгар маълум кўрсатмаларга риоя қилсангиз, шунга ўхшаш маҳорат амалиёт билан бирга келади.

Қуйида Мария Эмилия Мартиннинг тавсияларидан тезислар келтириб ўтамиз:

Интервью – биз журналист сифатида батафсил маълумот олиш, учинчи манбалардан ахборотни текшириш, шунингдек, фактларни ажратиш, аниқлаштириш ва воқеа-ҳодисаларга турли нуқтаи назар билан боқишимиз мумкин бўлган энг муҳим воситалардан бири (балки, энг муҳими) ҳисобланади.

Биз янгиликларда “ким, нима, қаерда, қандай, қачон ва нима учун” каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида интервьюлардан фойдаланамиз. Юқорида айтилганлар соғлиқни сақлаш, иқтисод, сиёсат ёки Мингйиллик ривожланиш мақсадлари (МРМ) билан боғлиқ масалалар бўладими, ёритилган ҳар қандай мавзу учун амал қилади.

Қашшоқлик, коррупция, гендер тенгсизлигига барҳам бериш, шунингдек, атроф-муҳит ва саломатлик билан боғлиқ масалаларни ёритишда интервью нафақат мутахассислар, балки ушбу муаммолардан энг кўп жабр кўрган одамларнинг фикрларини тинглаш усулидир. Интервью – бу минг йиллик муаммоларга дуч келган, зарар кўрган ва гапириш имкониятидан маҳрум бўлганларнинг овозини кенг жамоатчиликка етказишнинг бир усули.

Aфсуски, аксарият журналистлар интервью шунчаки савол бериш ва жавобларни ёзиб олиш деб ўйлашади. Биз кўпинча бу муҳим кўникмага эътибор беравермаймиз. Бироқ, ҳақиқатан ҳам яхши журналист бўлиш учун интервью олиш маҳоратини санъат даражасига кўтариш керак. Aгар маълум кўрсатмаларга риоя қилсангиз, шунга ўхшаш маҳорат амалиёт билан бирга келади:

  1. Тайёрланиш, тайёрланиш ва яна бир марта тайёрланиш

Биз қурган суҳбатдан олинган маълумотнинг сифати кўп жиҳатдан жараёнга кўрилган тайёргарлик даражасига боғлиқ. Сиз кўриб чиқаётган мавзунинг тарихи ва суҳбатдош ҳақида асосий маълумотларни билиб олишингиз муҳимдир. Бу ерда аввалги ёзув, видео ёки газеталар, шунингдек, интернет ва кутубхонангиз фойдали бўлади.

Олдиндан саволлар рўйхатини ёки ҳеч бўлмаганда ёритмоқчи бўлган мавзуларнинг умумий рўйхатини тайёрланг. Лекин рўйхатингизга жуда қаттиқ ёпишиб олманг, чунки бу суҳбатни маҳорат билан олиб бориш қоидасини бузади.

  2. Тингланг, тингланг ва тингланг

Эътиборли тингловчи бўлинг ва суҳбатдошга диққат билан қулоқ солинг. Саволлар рўйхатига мунтазам қараб боришингиз шарт эмас, суҳбатдошингиз аётаётган гапларнинг баъзи ўринларини ўтказиб юборишингиз мумкин, бу сизнинг саволларга аниқлик киритадиган қўшимча саволлар беришингизга олиб келади.

Бу, айниқса, оддий фуқаролар билан суҳбатга тааллуқли – улар билан доим эътиборли бўлинг. Улар кўпинча ўзларининг дард ва кечинмаларини баҳам кўришади, бунга ҳурмат билан муносабатда бўлинг, уларни ҳамдардлик билан тингланг.

  3 Ўзингизга савол беринг: мен бу интервьюдан нима олишни истайман?

Қисқа иқтибос ёки аҳамиятли ибора туфайлигина интервью ўтказасизми? Ёки сиз турли хил шароитларда узоқ ва эҳтимол бир нечта интервьюлар олиш орқали биографик очерк яратяпсизми?

Aгар бу радио ёки телевидение интервьюси бўлса, сиз танлаган суҳбатдош аудио ёки видео интервью учун мос келадими ёки йўқлигини ўйлаб кўринг. Бундай ҳолда, масалан, телефон орқали олдиндан суҳбат ўтказиш яхши фикр бўлиши мумкин.

Ўзингизга савол беринг: интервьюда нимага эътиборни кўпроқ қаратмоқчиман? Менинг режам борми?

4. Энг қулай жойни танланг

Сиз телефон орқали (агар трансляция учун юқори сифатли ёзув керак бўлмаса) ёки шахсан суҳбатлашиш масаласини аниқлаштириб олишингиз керак. Баъзида банд инсонлар сиз билан 15 ёки 20 дақиқа телефонда суҳбатлашишга рози бўлишади, лекин шахсан учрашишни истамайдилар, чунки улар бу анча узоқ давом этиши мумкин деб ўйлашади.

Агар танлаш имкони бўлса, энг яхши суҳбат жойи қаер эканини кўриб чиқинг. Суҳбат радио ёки телевидение учун бўлса, атроф, шароит ва шовқин даражаси ҳақида ўйланг.

   5. Суҳбатдош учун қулай муҳит яратинг

Баъзи одамлар микрофон қаршисида гапира олмай қолади, ҳатто “интервью” деган сўзни эшитганда қўрқувга тушадилар. Шунинг учун сиз мурожаат қилаётган одамга “суҳбатлашиш” учун учрашув тайинлашни хоҳлаётганингизни ёки бир нечта савол бермоқчи эканингизни айтишингиз мумкин.

Суҳбатни бошлашдан аввал суҳбатдош билан ҳар қандай мавзу бўйича суҳбатлашиш орқали тахликали атмосферани йўқотинг. Суҳбат давомида аудио ёки видео ёзиш ускунасидан фойдалансангиз, суҳбатдош асабийлашмаслиги учун бу ҳақда уни огоҳлантиришингиз лозим.

Зўравонлик қурбонлари ёки қурбонларнинг оила аъзолари билан суҳбат жараёнида эътиборли, эҳтиёткор ва айниқса, сезгир бўлинг. Ёдда тутингки, бундай ҳолларда ҳар қандай интервью ёки фоторепортажга рози бўлган инсонлар сизга нафақат ўз вақтларини, балки ўз қалбларининг бир бўлагини ҳам берадилар. Ушбу тортиқ учун миннатдор ва ҳамдард бўлинг.

Aгар суҳбатдошингиз ҳиссиётларга берилиб, асабийлашса, унга ўзига келиб олиши учун вақт беринг. Суҳбатдошга унинг ҳолатини тушуниб турганингизни, бу интервью орқали бошқа одамлар ҳам уни тушунишлари мумкинлигини билдириб қўйинг.

  6. Интервью ўтказиш жараёнини назорат қилинг

Суҳбатдошга суҳбатнинг умумий мақсади ҳақида тушунтириш бериш керак, аммо саволларингиз рўйхати билан бўлишнинг ҳожати йўқ. Бу интервью сохта ва олдиндан тайёрлангандек тасаввур уйғотиши мумкин.

Aгар сиз микрофондан фойдаланаётган бўлсангиз, уни кўздан қочирманг. Ҳеч қачон суҳбатдошингиз уни тортиб олишига йўл қўйманг.

Aгар сиз ўз иш жойингизда давлат амалдори ёки бошқа ходими билан суҳбатлашаётган бўлсангиз, стол қаршисида юзма-юз ўтириб суҳбатлашманг. Сиз билан суҳбатдош ўртасида кўп бўш жой ёки катта ҳажмли буюмлар бўлмаслиги учун ўтириб, суҳбатни қулай тарзда ўтказиш мумкин бўлган диван ёки бошқа шароит топишга ҳаракат қилинг.

 

Қўшимча маслаҳатлар

Қийин саволлар

Қоида бўйича интервьюни нейтрал ва баҳсталаб бўлмаган мавзудаги саволлар билан бошлаган яхши. Суҳбат давомида суҳбатдошингиз ўзини эркин ҳис қилишни бошлаганида қийин мавзула муҳокамасига киришиш осонроқ кечади. Сиз учинчи томоннинг тахминига асосланиб, савол беришингиз ҳам мумкин. Масалан, “Рақобатчиларингизнинг айтишича, ундай-бундай экан... Бунга Сиз қандай жавоб берган бўлар эдингиз?”

Электрон почта орқали интервью

Айрим ҳолларда кимлар биландир юзма-юз ёки телефон орқали суҳбатлашиш ноқулай ёки имконсиз бўлиб қолади, шунинг учун электрон почта орқали суҳбат имконияти мавжудлиги ҳақида ҳам ўйлаб кўришингиз мумкин. Бу иккала томон учун ҳам идеалдан узоқ вазият, чунки фақат шахсий суҳбат давомида олиниши мумкин бўлган айрим маълумотлар ўтказиб юборилиши эхтимоли бор. Суҳбатдошни кузатувлар орқали қайдлар ёзиб боришнинг ҳам иложи йўқ, бу суҳбатнинг қимматли томонлари ёки, масалан, саволга жавоб беришдан олдин иккиланиш йўқолишини англатади.

Aмалиёт, амалиёт ва яна бир марта амалиёт

Интервью олиш санъати журналистика амалиётининг ҳам энг содда, ҳам энг муракаб қисми бўлиши мумкин. Ҳар сафар кейинги интервьюда ўз санъатингизни яхшилашга ҳаракат қилинг.

Интервью давомида қандай саволлар бериш керак?

Энг аввал суҳбатдошдан унинг исми ва лавозими ҳақида сўранг.

Суҳбатдошга оддий “ҳа” ёки “йўқ” деган эмас, балки батафсил жавобни талаб қиладиган очиқ саволлар беринг.

Савол бериш оҳангида холис бўлинг.

Суҳбатдошдан батафсил таъриф, мисоллар ёки воқеаларни айтиб беришини сўранг.

Аудиториянгиз/ўқувчингиз учун жавоби қизиқарли бўлган саволлар беринг.

Саволларингиз қисқа ва аниқ бўлсин.

Бир мавзудаги саволни бир марта беринг (саволларни такрорламанг).

Aниқлаштирувчи саволлар беришга тайёр туринг, қўшимча аниқлик киритишни талаб қиладиган жавобларга саволлар бериш учун диққат билан тингланг.

Тахминлар қилманг.

Изоҳ эмас, савол бераётганингизга ишонч ҳосил қилинг.

Интервью ўтказаётган суҳбатдош билан баҳсга киришманг.

Суҳбат давомида кўплаб мавзуларни қамраб олишга уринманг, суҳбатнинг асосий мақсад ва устуворликларини ёдда тутинг.

Хушмуомала, лекин қатъиятли бўлинг. Саволингизга жавоб олмагунингизча сўрашда давом этинг.

Якунловчи савол ҳозирлаб қўйинг.

Суҳбат охирида суҳбатдошдан бошқа бирор нарса қўшимча қилишни исташ-истамаслини сўранг (кўпинча бундай қўшимчалар жуда қимматли бўлиши мумкин). Шунингдек, суҳбатдошдан шу мавзуда гапириш учун бошқа одамларни тавсия қила олиш-олмаслигини сўранг, агар сизда қўшимча саволлар ёки тушунтиришлар бўлса, у билан боғланишингиз ҳақида келишиб олинг.

е-mail орқали суҳбат ўтказиш бўйича маслаҳатлар

1. Кўпинча мендан электрон почта орқали интервью беришимни сўрашади, мен саволларнинг узун рўйхатини оламан, уларга ўйлаб жавоб бериш менда мавжуд бўлганидан кўра кўпроқ вақт талаб қилади. Шунинг учун агар сизнинг ягона вариантингиз электрон почта орқали суҳбат ўтказиш бўлса, биринчи навбатда, суҳбатдошингизнинг вақти ҳақида ўйланг ва уч-бешта муҳим савол билан чекланинг.

2. Суҳбатдошга ўзингиз ва ташкилотингизни таништиринг. Уни қандай топганингиз, исми ва алоқа маълумотларини қайрдан олганингизни айтинг. Интервью учун ўз саволларингизни юбораётганда, агар зарур бўлиб қолса, қўшимча ёки аниқловчи саволлар беришингиз мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантиринг.

3. Жавобларни олиш муддати ҳақида келишинг. Aгар жавоблар келмаса, саволларни қайта юборинг. Шунингдек, саволларни бир нечта манбаларга юбориш керак, айниқса муддат яқинлашиб қолганда.

4. Жавоб олганингиздан сўнг, танишиб чиқинг ва агар керак бўлса, аниқловчи саволлар беринг. Кейин респондентга тайёр мақоласига ҳавола юборишингизни айтиб, миннатдорчилик мактубини юборишни унутманг (мақола эълон қилингач, ҳаволасини юборишни унутманг).

5. Skype мессенжерининг оммалашгани туфайли мен телефон орқали суҳбат учун ушбу технологиядан фойдаланишни афзал кўраман. Унда интервьюларни ёзиб олишни осонлаштирадиган бир қанча дастурлар мавжуд (суҳбат ёзиб олинаётганини суҳбатдошга билдиришни унутманг).

6. Телефон, Skype ёки интернетдан фойдалансангиз ҳам, албатта интервьюга тайёргарлик кўринг.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.