Янгиликлар журналистикаси: хабар қандай ёзилади?

Улашиш:

Янгиликлар журналистикасининг «хабар» жанри ОАВ ва ахборот истеъмолчиси учун энг қулай ахборот тури сифатида қадрли. Назарий маълумотларга кўра, мазкур жанр XIX асрнинг охирларида АҚШ ва Буюк Британия мамлакатларида кенг тарқала бошлаган. Ўзбекистонга янгиликлар журналистикаси 90-йилларда кириб келган.

Вақт ҳамда пулни тежаб, дунёни кузатишга имкон берадиган «хабар» кўпгина ОАВларга ва шу билан бирга ахборот истеъмолчилари аудиториясига маъқул келган жанрлар сирасига киради. Хабар ёзиш унчалик кўп вақт талаб қилмагани каби ўқувчи учун ҳам қулай тежамкор ахборот маҳсулоти ҳисобланади. Истеъмолчи кўпи билан учта гапдан кейин хабарни ўқишдан тўхтаб, бошқа ишга чалғиб кетганига қарамай, у гап нима ҳақида эканлигини англаб олади. Шу сабабли янгиликлар сайти ёки газетасининг саҳифаларини кўздан кечириб чиқишга кўпи билан 10-15 дақиқа вақт сарфланади.

Хабар матнини шакллантиришда «тўнтарилган эҳром» қоидасига амал қилинади. Бу жанрнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, матннинг дастлабки уч гапидаёқ ахборотнинг моҳияти очиб берилади. Хабар матни учта фактологик асосга таянади: 1-ахборот ким (ёки нима) ҳақида; 2-воқеа қаерда содир бўлгани ҳақида; 3-воқеа қачон содир бўлгани ҳақидаги тафсилотлардан иборат бўлади.

«Тўнтарилган эҳром» формуласига кўра хабар структураси қуйидагича шаклланади:

Мазкур формулага кўра матн «сарлавҳа», «лид» (кириш), «асосий қисм» ва «хулоса»дан иборат. Хабар матнининг ҳар бир қисми алоҳида саволларга жавоб беради. Улар қуйидаги кўринишда бўлади:

Матннинг сарлавҳасида хабарнинг моҳияти деярли очиб берилиши лозим. Яъни сарлавҳа «Ким нима қилди?» ёки «Нима содир бўлди?» деган саволга жавоб беради. Мисол учун, «Короновирус» (нима?), «Хитойда» (қаерда?), «2019 йил» (қачон?) фактологик асосларда тузилган хабар матнининг сарлавҳаси «Хитойда короновирус инфекцияси аниқланди» деган маълумотни ўқувчига тақдим этади. Сўзамоллик, шоирона ёндашув ёки сўз ўйинини хабар жанри «ёқтирмайди». Яъни «Номаълум касаллик тарқалмоқда», «Вирус исканжасида» каби сарлавҳалар жоиз эмас. 

Матннинг «лид» қисми эса сарлавҳага аниқлик киритиши лозим. Юқоридаги фактологик асосларда лид қуйидагича бўлиши мақсадга мувофиқ: «2019 йил Хитой провинцияларининг бирида илк маротаба инсон танасида короновирус инфекцияси аниқланди». Лид кўпи билан учта гапдан иборат бўлади. Мазкур мисолда эса лид қисми битта гапда мужассам бўлиб, у «қаерда, қачон нима содир бўлди?» деган саволга тўлиқ жавоб беряпти.

Асосий қисмда журналист қачон, қаерда, қандай қилиб вирус инфекцияси аниқлангани, кимлар томонидан текширув ўтказилгани ҳақидаги маълумотларни беради. Вирусологлар ёки бошқа экспертларнинг кўрсатмаларини далил сифатида келтиради.

Хабарнинг хулоса қисми қисқа ва лўнда бўлиб, воқелик моҳиятига холисона изоҳ берилади. Яъни ўқувчи хабарни ўқиб бўлгач, «нима бўпти?» деган саволига жавоб олиши, ушбу воқеликнинг унга қанчалик дахлдор эканлиги ҳақида ўзининг шахсий фикрига эга бўлиши лозим.

Яна бир муҳим жиҳат – хабар фақат фактларга таянади, унда шахсий мулоҳазалар, фикрларга ўрин йўқ. Хабар матни фақат холис ёндашувда шакллантирилиб, учинчи шахс номидан қисқа, лўнда ёзилиши лозим. «Тўнтарилган эҳром» формуласининг моҳияти ҳам шунда – объективликка урғу берилади.

Хабарда журналист маълумотларни олган манбаъсини кўрсатиши керак. Манба кўрсатилмаса, воқелик қачон ва қаерда содир бўлаётганига ишора бўлмаса хабар «фейк», яъни ёлғон ҳисобланиши мумкин.

Муҳайё Саидова, журналист,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Медиа ва коммуникация факультети катта ўқитувчиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.