Озодбек Назарбеков Туркманистонда унвонга мушарраф бўлди (фото)

Улашиш:

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков «Туркманистонда хизмат кўрсатган артист» унвонини қабул қилди. Бу ҳақда унинг ўзи маълум қилди:

«Бугун Туркманистон Олий Мажлиси раиси Гулшат Маммедова қўлидан  «Туркманистонда хизмат кўрсатган артист» унвонини қабул қилдик.

Ўзбек халқининг ижодкор бир фарзанди бундай эътирофга муносиб кўрилиши икки қардош давлатнинг дўстона муносабати, икки миллат ўртасида инсонпарварлик ва бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш, ўзаро муҳаббат ва эътиборнинг юксак кўриниши десак, асло муболаға бўлмайди.

Камтарона ижодимизни юксак баҳолаб, тақдим этилган мазкур унвонни нафақат менга, балки бутун ўзбек халқига ҳамда санъатига бўлган Турманистон Президентининг, халқининг меҳри ва ҳурмати деб қабул қиламан.

Шу билан бирга, туркман халқининг эътиборига тушганимдан, яна бир қадрдон маконда миллионлаб мухлислар орттирганимдан бениҳоя хурсандман.

Айни дамда, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ўзбек халқига қандай сидқидилдан хизмат қилаётган бўлсам, эндиликда ўзимни туркман халқи олдида ҳам ана шундай бурчли деб ҳисоблайман.

Ўзбек халқи сингари меҳрибон, бағрикенг туркман элининг эҳтиромига сазовор бўлиш мен учун катта бахт, юксак эътироф ва улкан масъулиятдир.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу эътироф учун, аввало, Туркманистон Президентига, шу орқали бутун туркман халқига чуқур миннатдорлигимни билдираман», — деб ёзади Озодбек Назарбеков.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.