Тошкент метросининг барча йўналишлари 30 августдан бошлаб соат 05:00 дан 00:00 гача ишлайди

Улашиш:

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонлашга тайёргарлик кўриш муносабати билан 30 августдан бошлаб Тошкент метрополитенидаги поездлар қатнови янги жадвал бўйича амалга оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан:

«Чилонзор» ва «Сергели» йўналишларида эрталабки соат 07:30 дан 09:00 гача поездлар оралиғи 3 дақиқани ташкил этади ва кечки соат 16:30 дан 19:00 гача – 4 дақиқа оралиғи билан ҳаракатланади;
«Ўзбекистон» йўналишида эрталабки соат 07:30 дан 09:00 гача поездлар оралиғи 4 дақиқани ташкил этади ва кечки соат 16:30 дан 19:00 гача – 5 дақиқа оралиғи билан ҳаракатланади;
«Юнусобод» йўналиши эрталаб соат 07:30 дан 09:00 гача 6 дақиқа оралиғи билан ҳаракатланади ва 16:30 дан 19:30 гача поездлар қатнови ҳар 7 дақиқада ташкил этилади.
Шунингдек, 30 августдан бошлаб Тошкент метрополитенининг барча линиялари соат 05:00 дан 00:00 гача ишлайди.

Маълум қилинишича, Тошкент метрополитенининг кенгайиши ва пойтахтнинг аҳоли зич жойлашган туманларида ҳам янги йўналишлар очилиши билан бирга йўловчи ташиш ҳажми икки баробарга ошган. Тиғиз пайт вақтида станцияларнинг платформаларида ва ҳаракат таркибларида йўловчиларнинг кўпайиши кузатила бошлаган.

Таъкидланишича, ушбу муаммони ҳал қилиш учун янги, замонавий метровагонларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган. Аввалроқ Россиядан Тошкентга 20 та янги метро вагонлари юборилгани тўғрисида хабар берилганди. Идора маълумотларига кўра, 2021 йил якунига қадар шу турдаги яна 20 та вагон келтирилиши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.