ЯТТ томонидан солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти бекор қилинади

Улашиш:

“Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 октябрдан қуйидагилар бекор қилинади:

қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган ЯТТ томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;

алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ.

2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТга белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилган ҳолда БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

2021 йил 1 октябрдан тегишли давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функциялари бекор қилинади.

2022 йил 1 январдан: назорат қилувчи органлар тадбиркорлар фаолиятини белгиланган тартибда Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлар фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлар розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари иштирок этади;

Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда юритилади;

тадбиркорлар фаолиятида текширувлар қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилгандан сўнг амалга оширилади (солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасидаги текширувлар бундан мустасно).

2022 йил 1 апрелгача тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишга туширилади.

2022 йилдан тадбиркорларга маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.