Coca Cola Uzbekistan компаниясини хусусийлаштириш расман якунланди

Улашиш:

Ўзбекистон ҳукумати Coca Cola Uzbekistan компаниясини тўлиқ хусусийлаштириш юзасидан битимни якунлади. 57,118 фоизлик давлат улушини Туркиянинг Coca Cola İçecek компанияси сотиб олди.

Ўзбекистон ҳукумати Coca-Cola Bottlers Uzbekistan (CCBU) компаниясидаги давлат улушини сотиш тўғрисидаги битимни имзолади. Битимни имзолаш маросими 29 сентябрь куни Тошкентда ўтказилаётган Иқтисодий форум доирасида бўлиб ўтди, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

57,118 фоизга тенг бўлган давлат улушини Coca Cola İçecek А. Ş. (CCI, Туркия) компаниялар гуруҳи унга тўлиқлигича қарашли бўлган CCI International Holland B.V. шўъба корхонаси орқали 252,28 млн долларга сотиб олди. Компаниядаги қолган 42,88 фоиз улуш The Coca Cola Export Corporation’га тегишли. Шундай қилиб, Ўзбекистондаги алкоголсиз газли ичимликлар ишлаб чиқарувчи мазкур компания тўлиқ хусусий сектор тасарруфига ўтди.

Битим Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссияси томонидан 6 августда маъқулланган эди. Шунга қарамай, битимни якунлаш жараёни тартибга солувчи органлар томонидан бериладиган муайян рухсатлар олинишини талаб қилиши айтилган эди.

Молия вазирлигининг хабар беришича, чоршанба куни бўлиб ўтган форум доирасида тегишли ва божхона рухсатномалари, шу жумладан, давлат рухсатномаларини олиш билан хусусийлаштириш расман якунланди.

Spot Bigpara (Hurriyet турк нашрининг бир қисми) маълумотларига таяниб, CCI’нинг 351 022 та акция учун тўловни нақд пулда амалга оширгани ҳақида хабар берди.

CCI бош директори Бурак Башарирнинг сўзларига кўра, компания CCBU’нинг назорат пакетига эга бўлиш имкониятидан мамнун.

«Бу битим бизнинг Coca-Cola тизимидаги энг кучли ҳамкорлардан бири сифатидаги позициямизни мустаҳкамлайди. Бу, шунингдек, FMCG бўйича минтақада энг яхши ўйинчи бўлиш мақсадимизга хизмат қилади… Шунингдек, биз Ўзбекистон алкоголсиз ичимликлар бозорининг қисқа ва ўрта муддатли истиқболда барқарор ва даромадли ўсишининг улкан салоҳиятига ишонамиз», — деди у.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқовнинг таъкидлашича, мазкур битимни хусусийлаштиришнинг илк муваффақиятли намуналаридан бири деб ҳисоблаш мумкин.

Coca-Cola Bottlers Uzbekistan — Ўзбекистондаги йирик газланган алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчиси ҳисобланиб, Тошкент, Наманган ва Урганчда ишлаб чиқариш қувватлари ва омборлари мавжуд. 2020 йил якунлари бўйича компаниянинг соф даромади 205 млрд сўмни ташкил этди.

Coca-Cola İçecek эса Coca-Cola тузилмасидаги йирик корхоналардан ҳисобланади. Унинг асосий эгалари Anadolu Efes ва The Coca-Cola Company.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.