Нарзулло Обломуродов жиззахлик сайловчилар билан учрашди

Улашиш:

Жиззах вилояти Дўстлик туманида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари, партиядан сайланган депутатлар, "Аёллар қаноти", "Ёшлар қаноти" вакиллари, зиёлилар, нуронийлар ва ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентликка номзоднинг Жиззах вилоятидаги ишончли вакили, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Садриддинова Нарзулло Обломуродовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Нарзулло Обломуродов ўз сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифа ва мақсадларни кенг таҳлил этиб, янги сиёсий куч сифатида майдонга чиққан партия фаолиятига тўхталди.

Мамлакатимизда юзага келаётган экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда иқтисодий тараққиётни таъминлашда жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга қаратилган устувор йўналишлардан иборат таклиф ва ғояларини билдирди.

Номзоднинг сайловолди дастурида аҳоли турмуш даражасини янада ривожлантириш, экологик муҳитни яхшилаш, халқимизнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш учун янги имкониятлардан фойдаланиш бщйича ташаббуслар илгари сурилган.

Шунингдек, келгусида Экопартия энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, экологик мувозанатни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва халқаро ҳужжатларни қабул қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш, шунингдек ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш билан бирга келажакни яшил иқтисодиёт тараққий топган, қайта тикланувчи энергия ҳамда ресурс тежамкор технологиялар жорий этилган замонавий рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш борасида эзгу ишларга бош бўлиши сайловчиларга етказилди.

Сайловолди учрашувда сайловчилар 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президентлик сайловида яшил тараққиёт учун овоз беришга чорланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.