Вазирлик ДХХ хабарини рад этди: «Жиҳодчилар» орасида маҳалла раиси бўлмаган

Улашиш:

Қашқадарёда «Жиҳодчилар»нинг 12 нафари қўлга олингани, улар орасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам борлиги ҳақида хабар берилган эди. Бу хабарлар ДХХ матбуот хизмати томонидан тарқатилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати бунга муносабат билдириб, ҳолат тегишли тартибда ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Вазирлик хабарига кўра, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани «Бошчорбоғ» фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро З.Қ.нинг хонадонида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда бир гуруҳ фуқаролар «Жиҳодчилар» оқими вакиллари сифатида қўлга олинган.

Ўрганишлар давомида ушбу фуқаролар орасида «Бошчорбоғ» фуқаролар йиғини раиси М.Т. борлиги ўз исботини топмаган. Шунингдек, гуруҳ аъзолари ичида фуқаро М.Т.нинг укаси, 1975 йилда туғилган Ҳ.Т. бўлгани аниқланган.

«Ҳозирги кунда Деҳқонобод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан фуқаро Ҳ.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддасининг 2-қисми билан ўрнатилган тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида «Бошчорбоғ» МФЙ раиси М.Т. айбланувчи (ёки гувоҳ) тариқасида жалб этилмаган», — дейилади хабарда.

Вазирлик, шунингдек, муайян шахсга нисбатан бўҳтон ёки тасдиқланмаган ахборотни тарқатишга нисбатан қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилганини эслатиб ўтган.

Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам бу ҳолатга муносабат билдириб, имом ноиби деб айтилган шахс аслида бошқа касб эгаси эканини маълум қилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.