Тошкентда хонанда ДХХ томонидан қўлга олинди

Улашиш:

Тошкентда яшовчи 1963 йил ва 1975 йилда туғилган икки фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахснинг ишончига кириб, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ўрмон хўжалиги ҳудудидан унга «коврак» ўсимлиги етиштириши учун 1000 гектар ер ажратилишида ёрдам беришларини айтиб, эвазига 300 минг доллар талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида ўтказган тезкор тадбири давомида мазкур шахслар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида улар ушбу ноқонуний ишни ўзини гўёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси инспектори деб таништирган, 1988 йил Қаршида туғилган, ҳозирда Тошкентда истиқомат қилиб, аслида хонандалик билан шуғулланувчи, муқаддам судланган шахс билан 80 минг доллар эвазига ҳал қилишга ўзаро келишиб олганликлари маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкентда дастлабки 24 минг долларни олган вақтида у ҳам ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.