Куни кеча Зомин туманидаги 5 мактабда Пшоғорлик ёшлар учун Artel компаниясининг Жиззахдаги заводи томонидан 20 та иш ўрни яратилганлиги маълум қилинган эди. Бугун ёшлар мазкур корхонадаги ишчилар учун яратилган шарт-шароитлари билан танишиш мақсадида экскурсия ташкил этилди.
Мазкур заводда персонал компьютерлар учун мониторлардан ташқари электр асбоблари учун кабель-шнурлар ҳам ишлаб чиқарилади.
40 кишилик жамоа билан ишни бошлаган корхонада айни пайтда 250 дан ортиқ одам меҳнат билан банд.
Кейинги икки йилда заводга Туркия ва Хитойдан замонавий ускуналар олиб келинди ва завод ҳудудида қўшимча янги кабель-шнур цехи ишга туширилди.
– Компаниямиз дунёга машҳур бир қанча брендлар билан ҳамкорлик қилади, – дейди завод масъули Икром Турсунов. Айни дамда заводимизда 150 дан ортиқ кабель-шнур ва монтаж симлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини 33 фоиздан 75 фоизга етказдик. Бугун Пшоғорлик ёшларни корхонамиз фаолияти билан таништирар эканмиз, эртанги кунда улар орасидан янги ходимларни ҳам танлаб олишни мақсад қилганмиз. Ҳозирда 20 нафар ёшлар учун янги иш ўринлари яратдик.
ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати