Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг Caris компанияси технологиялари асосида ПВХдан пластик йўл тўсиқлари ишлаб чиқарувчи завод қуриш режалаштирилмоқда.
Яқинда Тошкентда Жанубий Корея, Украина ва Америка сармоядорлари ўртасида дунёнинг бир неча мамлакатларида пластик йўл тўсиқлари ишлаб чиқариш бўйича заводлар тармоғини яратиш тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ташаббуснинг умумий қиймати 100 млн. долларни ташкил этади, шундан 20 млн. долларга яқини Ўзбекистондаги заводни яратиш учун фойдаланилади.
Caris компаниясининг таъкидлашича, у пластик йўл тўсиқлари технологиясига эга дунёдаги ягона компания ҳисобланади. Ушбу маҳсулотлар Жанубий Корея, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Осиёда сертификатланган.
"Бундай тўсиқларнинг биринчи афзаллиги - арзонлигидадир, яъни улар металл аналогларидан арзонроқ бўлади. Иккинчиси – бу хавфсизлик. Бундай тўсиқлар металлдан кўра хавфсизроқдир, чунки металл тўсиқлар кўплаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлади. Учинчиси - ёрқинлик, пластик тўсиқлар ҳар қандай рангда бўлиши мумкин, яъни улар йўлда кўринарли бўлади. У замонавий шаҳарсозлик дизайни нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир", - деди Жанубий Корея компаниясининг Европа минтақаси бўйича вакили Владимир Ставнюк.
Охирги, аммо муҳим омиллардан бири – бу экология. Ишлаб чиқаришда маҳсулотнинг 30 фоизгача қайта ишланган полиэтилендан тайёрланади. Бундай ишлаб чиқаришлар туфайли бутун дунё экологияси учун катта муаммо бўлган пластмасса йўқ қилинади.