ОАВ- Ўзбекистон Россияга автомобиллар етказиб беришни тўхтатган

Улашиш:

UzAuto Motors Россияга машиналарни экспорт қилишни тўхтатган. Бу ҳақда америкалик автомобиль компаниясининг Детройтдаги вакилига ҳавола қилган ҳолда Eurasianet нашри маълум қилмоқда.

Chevrolet автомобилларини Ўзбекистондан Россияга етказиб бериш 2022 йилнинг 9 март кунидан бошлаб тўхтатилган.

GMнинг Детройтдаги изоҳига қадар UzAuto вакили нашр билан ўтказган суҳбатида етказиб беришни тасдиқламаган ҳам, инкор ҳам килмаган. 30 март куни америкалик компания вазиятга изоҳ бергач, UzAuto автомобиллар ва эҳтиёт қисмларни етказиб бериш учун Россия портларидан фойдаланишни тўхтатганини Eurasianetга маълум қилган бўлсада, Россияга автомобиллар   сотиш бериш масаласини муҳокама қилишдан бош тортган.

Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш 1993 йилда бошланган бўлиб, биринчи завод Жанубий Кореянинг Daewoo Motors компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган. General Motors компанияси Daewooни сотиб олганидан сўнг, завод GM Uzbekistan деб номланди. 2018 йилда Ўзбекистон ҳукумати компанияни бутунлай сотиб олиб, унинг номини UzAuto Motorsга ўзгартирди. Мамлакатда ҳар йили Chevrolet бренди остида 250 мингтагача автомобиль ишлаб чиқарилади.

2020 йилдаги коронавирус чекловларидан сўнг, компания заводлари ишлаб чиқариш етишмовчилигини бошидан кечирмоқда, чунки Жанубий Кореядан яримўтказгичлар ва микрочиплар узилишлар билан етказиб берилган. 2021 йилда UzAuto Motors 29 мингга яқин автомобилни экспорт қилган, уларнинг тахминан 96% Қозоғистонга юборилган, Украина ва Россия етказиб бериш бўйича иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган.

2022 йилда Ўзбекистон заводларига яримўтказгичлар етказиб берувчи Жанубий Корея Россияга қарши санкцияларга қўшилган. Шу туфайли Ўзбекистон заводлари Россия бозорига автомобиль экспорт қилишни давом эттирса, зарур бутловчи қисмларсиз қолиши мумкин эди.

UzAuto Motorsнинг матбуот хизмати билан алоқага чиқишнинг имкони бўлмагани боис, Batafsil.uz. мухбири мақолани ёзиш пайтида бу масала бўйича изоҳ ололмади.

Компаниядаги ўз манбаларимизнинг маълум қилишича, автомобилларни экспорт қилиш тўғрисидаги қарор ҳақиқатан ҳам қабул қилинган, бироқ бунга хорижий ҳамкорларнинг босими сабаб бўлган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.