Меҳнат вазирлиги эмланмаган ходимларни ишдан четлатиш тартибини тушунтирди

Улашиш:

Меҳнат вазирлиги иш берувчиларга вакцина олмаган ходимларини ишдан четлаштириш тартибини тушунтирди. Унга кўра, ходимдан эмлашни рад этиш бўйича ёзма ариза олинади. Агар у ёзма ариза беришдан бош тортса, далолатнома тузилади. Соғлиғи ҳолатига кўра эмланмайдиганлар масофавий иш режимига ўтказилиши мумкин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иш берувчиларга вакцина олмаган ходимларини ишдан четлаштириш тартибини тушунтирди.

Меҳнат кодексининг 113-моддасида, карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли.

Вакцина олмаганлик учун ишдан четлатиш тартиби

Ишдан четлаштириш бўйича буйруқ чиқаришдан аввал ходимдан эмлашни рад этиш бўйича ёзма ариза олинади. Агар ходим ёзма ариза беришдан бош тортса, ходимнинг эмланишни рад этганлик ва бу бўйича ариза беришдан бош тортганлиги юзасидан далолатнома тузилади. Ишдан четлаштириш бўйича буйруқ билан ходим имзо қўйган ҳолда таништирилади.

Бош санитария врачининг қарорига асосан профилактик эмлашлар ўтказиладиган шартлар олиб ташлангунча, аммо, бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган битта профилактик тадбир бўйича жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланмайди.

Ходим ишдан четлаштирилган бўлса, иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, меҳнат интизоми тўғрисидаги низом ва уставлари, ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланган ишдан четлаштиришнинг максимал муддати давомида, тиббий қаршиликлар бўлмаганда эмлашдан бош тортган ходимларга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддасига мувофиқ интизомий жазо қўлланилиш чоралари назарда тутилиши мумкин.

Ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра профилактик эмлашдан ўтишни рад этадиган қарши кўрсатма мавжуд бўлганда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ ходим масофавий иш режимига ўтказилиши мумкин.

Меҳнат вазирлиги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини ССВнинг emlash.uz ахборот тизимига интеграция орқали иш берувчиларнинг шахсий кабинетида «Коронавирусга қариш эмланганлар сони» ва «Коронавирусга қарши эмланмаган ходимлар рўйхати» юритилаётганини эслатиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари ва бюджет ташкилотларида эмланишдан бош тортган жами 26 008 нафар шахслар ишдан вақтинчалик четлатилгани ҳақида хабар берилган. Яна 2 225 та холатда иш берувчига нисбатан жарима чораси, 175 та объектга нисбатан эса фаолиятини вақтинчалик муддатга тўхтатиш чораси қўлланилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.