France Football нашри 2021 йилнинг энг яхши футболчисига топшириладиган «Олтин тўп» соҳибини маълум қилди.
Унга кўра, «ПСЖ» клуби (бунгача «Барселона»да ўйнаган) ва Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси йилнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.
Шу тариқа Месси фаолиятидаги еттинчи «Олтин тўп»га эга чиқди.
2021 йилда Месси «Барселона» билан Испания Кубогини қўлга киритди ва 2020/21 йилги мавсумни 30 та гол билан Ла Лиганинг энг яхши тўпурари сифатида якунлади. Аргентина терма жамоаси билан эса илк бор Америка Кубогида ғалаба қозонди.
Қайд этиш керак, Месси қўлга киритилган «Олтин тўп»лар сони бўйича энг яқин таъқибчиси Криштиану Роналдудан (2021 йилда 6-ўринни эгаллади) 2 тага олдинда. Португалияликнинг ҳисобида 5 та «Олтин тўп» бор.
«Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски эса йилнинг энг яхши жучумчиси деб топилди. France Football бу йилдан ушбу мукофотни бир календарь йилида клуб ва терма жамоа сафида энг кўп гол урган футболчига топширади.
2021 йилда Левандовски 64 та гол урди. Криштиану Роналдуда бу кўрсаткич 42, Лионель Мессида эса 41 тани ташкил қилди.
«Олтин тўп—2021» совринга даъвогарлик қилган футболчилар кучли ўнлиги билан танишинг:
1. Лионель Месси (Аргентина, «ПСЖ»);
2. Роберт Левандовски (Польша, «Бавария»);
3. Жоржиньо (Италия, «Челси»);
4. Карим Бензема (Франция, «Реал»);
5. Нголо Канте (Франция, «Челси»);
6. Криштиану Роналду (Португалия, «Манчестер Юнайтед»);
7. Муҳаммад Салоҳ (Миср, «Ливерпуль»);
8. Кевин де Брюйне (Бельгия, «Манчестер Сити»);
9. Килиан Мбаппе (Франция, «ПСЖ»);
10. Жанлуижи Доннарумма (Италия, «ПСЖ»).
Шунингдек, нашриёт қуйидаги номинациялар бўйича ҳам ғолибларни эълон қилди:
Педри («Барселона») — йилнинг энг яхши ёш футболчиси;
Алексия Путелияс («Барселона») — йилнинг энг яхши аёл футболчиси;
Жанлуижи Доннарумма («ПСЖ») — йилнинг энг яхши дарвозабони;
«Челси» (Англия) — йилнинг энг яхши клуби.