Акциз солиғи ставкасининг ошиши контрабанда гуллаб-яшнашини рағбатлантирмоқда. Унга қарши қандай курашилади? Қандай иқтисодий чоралар Ўзбекистонда контрабанда товарлар сотилишига қарши курашишда ёрдам беради?
Ўзбекистонга ноқонуний сигареталар етказиб берилишига қарши, қатор вазирликлар ва давлат идоралари зиммасига юклатилган кенг кўламли кураш фонида ушбу товар турларига акциз солиғини солиш ставкаси кескин ошиб бормоқда.
Чунончи, 2016 йилдан бошлаб сигареталарга солинаётган акциз солиғи ставкаси мамлакатда қарийб 800%га ошди: 2016 йил январда 1000 дона сигарета учун 28,8 минг сўм бўлган бўлса, 2023 йил февралда (адвалор компонент қўшиб ҳисобланганда) 255 минг сўмга етди.
Ушбу маҳсулотга акцизнинг бунчалик салмоқли ошиши – бу контрабанда гуллаб-яшнаши ва янада ривожланиши учун қулай муҳитдир. Зеро, сир эмаски, ноқонуний сигареталарнинг шуҳрат қозонишининг асосий омилларидан бири, албатта, уларнинг нархи саналади ва чекувчилар, маблағларини тежаш мақсадларида, ишлаб чиқарилиши ва сифати шубҳа остида эканига қарамай, арзонроқ сигарета сотиб олишни афзал биладилар.
Ноқонуний тамаки контрабандачилари ва сотувчилари солиқ ва йиғимлар тўламайдилар, бу маблағлар эвазига ўз маҳсулотларининг нархини тушира оладилар. Ва, шу тариқа, қонуний, акциз маркасига эга сертификатланган товарлар энг асосий жиҳат - нарх бўйича ноқонуний маҳсулотга мағлуб бўлади ва контрабанда товари билан рақобатлаша олмайди.
Яъни, акциз солиғининг ўсиши – бу Ўзбекистонда сигареталар ноқонуний савдоси ўсишининг энг асосий катализаторидир. 2021 йилдан буён мамлакатда ноқонуний сигареталар сотилишининг кучли ўсиши кузатилмоқда. Ва бунда қонуният мавжуд – ахир айнан 2021 йилда қонуний ва ноқонуний таклифлар ўртасидаги чакана нарх борасидаги фарқ анчайин сезиларли даражага чиқди, натижада истеъмолчи танлови контрабанда фойдасига бўла бошлади.
Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Шубҳасиз – контрабандага қарши курашни давом эттириб, уни аниқлаб, йўқ қилиш лозим. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш чоралари – ноқонуний товарни мусодара ва йўқ қилиш, айбдор шахсларни кучайтирилган жавобгарликка тортиш ниҳоятда муҳим.
Бироқ, бу муаммони глобал миқёсда ҳал қилишга фақат иқтисодий таъсир чораларигина қодир. Улардан бири – бу 2024 йилда сигареталарга акциз солиғи ставкаси ўсиши суръатини чеклаш ёки, умуман, бу ставка ўсишига вақтинчалик мораторий эълон қилишдир. Шунингдек, фикримизча, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу курашда ўта фаол, жумладан барча мавжуд ҳолатларни инобатга олган ҳолда, солиққа тортишга оқилона ёндашувни имплементация қилиш йўли билан иштирок этиши лозим.